Мўйноқдаги II Халқаро пресс клуб: мўъжиза содир бўлмайди, у яратилади

Халқаро пресс клубининг навбатдаги “Мўъжиза содир бўлмайди, у яратилади” номли сессияси 16 апрел куни Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига қарашли Шеге қишлоғида, яъни сўлим табиатга эга Кўксув кўли соҳилида ўтказилди. Айнан шу жойда Памир тоғларидан илдиз олиб, 2500 км йўл босиб оқиб келадиган асов дарё, тентак дарё сифатида танилган Амударё охирги манзилига келиб тўхтайди.

 

– Биз роппа-роса 3 ойдан кейин яна Мўйноқда Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясини ўтказмоқдамиз. Ушбу қисқа муддат ичида Мўйноқда ниҳоятда кўп ўзгаришлар бўлган. Бизни шу юз бераётган қувончли янгиликлар ва Мўйноқ баҳори яна шу ҳудудга чорлади, – дейди ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев. – Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда қатор унутилаёзган шаҳарлар янгича қиёфа касб этиб, замонавий гўшаларга айланяпти. Биз шуларни пресс клуб сессиялари орқали қайта кашф қилмоқдамиз. Бу шаҳарлар “М” ҳарфидан бошланадиган Манас, Мирзачўл ва Мўйноқ шаҳарларидир. Айнан бугунги тадбиримиз ҳам янги Мўйноқни кашф этишдир.

 

Мўйноқ туманида бугунги кунда 82 та объектда, жумладан туман марказида 48 та объектда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. 2018 йилнинг 17 декабридан бошланган Оролнинг қуриган майдонига саксовул экиш ишлари ҳам илк натижаларини бера бошлади. Яъни, уруғ сепилган 468 минг гектарнинг қарийб 100 минг гектарида саксовул уруғлари униб чиқа бошлаган. Кўчатлар экилиши учун тортилган 1 миллион 100 минг гектар майдонда чуқурликлар ичига унумдор тупроқлар жойлаша бошлаган ва бу ерларда ҳозирда кўчатлар экилмоқда.

 

DSC_6895.JPG

 

Таққослаш учун таъкидлаш жоизки, Орол денгизи қайтиб бошлагандан кейин 80 йиллардан бошлаб унинг қуриган майдонига саксовул экила бошлади. Шундан 1991 йилгача 83 минг гектарга экилган бўлса, 1991 йилдан то 2018 йилга қадар 400 минг гектарга, жами шу кунга қадар 483 минг гектарга саксовул экилган эди.

 

Муҳтарам Президентимиз Оролга катта эътибор қаратди. Йилига 500 минг гектарни “яшил қоплама” билан қоплаш вазифаси қўйилди. Ўтган йил 17 декабрдан бошланган ишлар самарасида 468 минг гектар майдонга уруғ сепилиб, 1 миллион 100 минг гектари экишга тайёрланган. Бу ҳали қиш-баҳор мавсумида қилинган ишлар. Олдимизда кузги мавсум бор.

 

– Мен Қорақалпоғистонни 18 йилдан бошқариб келаётган бўлсам, шу пайт ичида Қорақалпоғистон бўйича алоҳида Президент қарори чиқмаган эди. Мана Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев икки йилнинг ичида Мўйноқ тумани бўйича иккита қарорни қабул қилди, дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов. – Ушбу қарорлар билан Мўйноқни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда фаолият юритаман деган тадбиркорларга 10 йилга барча солиқларидан озод қилинадиган имтиёзлар берилди.

 

Жорий йил 16 январ куни Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан туманда умумий қиймати 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўмлик 2019-2021 йилларга мўлжалланган 125 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

 

Ушбу лойиҳалардан илк объектлар – 245 ўринлик маданият уйи, 1000 ўринлик стадион ва 800 ўринга мўлжалланган амфитеатр фойдаланишга топширилди. 

Мўйноқ туманидаги энг долзарб масалаларнинг бири – аҳолини иш билан таъминлашдир. Денгиз тўлиб-тошиб турган вақтларда Мўйноқ тумани аҳолиси 100 мингдан ошган. Улар асосан балиқчилик билан шуғулланган. Денгиз қуриши билан уларнинг аксарияти бошқа жойларга кўчиб кетган ва ҳозирги кунда туманда 31 мингдан ортиқроқ аҳоли истиқомат қилади.

 

Туманда ишсизлик масаласини ҳал қилиш мақсадида қатор корхоналар барпо қилинмоқда. Жумладан, Чехиянинг “Eriell” компанияси томонидан тузни қайта ишлаш корхонаси тайёр бўлди, “Ўзпахтасаноат” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобига қурилаётган текстил фабрикаси ҳам яқинда иш бошлайди. Бу ерда 600 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Мўйноқ балиқ консерва заводи биноси қурилиши ҳам ниҳоясига етмоқда. Унга ускуналар харид қилиш учун Россия билан шартнома қилинган. Ушбу корхона август ойларига қадар ишга тушиши кутилмоқда. Бу заводга Мўйноқ атрофидаги мавжуд 18 та кўлдан балиқ етиштириб берилади. Булардан энг йириклари Судочье (22 минг га), Жалтирбас (17 минг га) ва Междуречье (7,5 минг га) кўлларидир.

 

DSC_6937.JPG

 

Туман марказида ҳозирда 24 та кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Уларнинг ҳар бири 24, 28 квартирадан иборат. Шу йилнинг август ойи охирига қадар, Мустақилликнинг 28 йиллигига жами 580 квартираларнинг калитлари ўз эгаларига топширилади. Ушбу квартираларнинг бадал тўламлари юқорида таъкидланган корхоналар томонидан тўлаб берилиши назарда тутилган.

Жорий йил бошидан Оролнинг қуриган майдонларида қудуқлар қазила бошлади. Ҳозирда 12 та қудуқ қазилган. Уларда чорвачилик учун истеъмолга яроқли сув чиқмоқда. Шу сабаб бу ерда мўйноқликлар учун балиқчиликдан ташқари чорвачиликни ривожлантиришга ҳам имкониятлар яратилмоқда. 

 

Пресс клубда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Шуҳрат Жўраев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев, Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новицкий, Ўзбекистон халқ шоири Азим Усмон ва бошқалар спикер сифатида қатнашди.

 

Тадбирга қатнашиш учун шу куни Ўзбекистонга хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов ҳам Италия давлатидан ўзининг янгиликлари билан етиб келди. Денгизнинг қуриган тагида “яшил қоплама” барпо қилиш лойиҳаси раҳбари Зиновий Новицкий эса Оролнинг қоқ марказида оазис яратиш мақсадида мевали ва манзарали дарахтларни ўтқазиш ишларини бошлади. Пресс клуб сессиясида кўтарилган ана қизиқарли мавзулар бўйича кейинги материалларимиз орқали воқиф бўласиз. Сайтимизни кузатиб боринг.

 

Е.Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар