Фарғоналик ўқитувчи ташаббуси билан Мўйноқда “Қўқон боғи” яратилди

Президентнинг 2018 йил декабрида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидаги ташаббусга ЎзДСМИ Фарғона минтақавий филиали ўқитувчиси Рашидхон Шукуров ўз ҳиссасини қўшди. 

У дастлаб Оролбўйининг иқлимига мос кўчат экиш мақсадида теракнинг “Калифорния” нави, Хитой тераги, қоратол қаламчалари, бодом ва яна бир нечта мевали ва манзарали дарахт кўчатларини синовдан ўтказади, дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналида.

ЎзДСМИ ректори Иброҳим Йўлдошев кўмаги ҳамда жамоа ёрдами билан 100 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари махсус юк машинада Мўйноққа олиб борилади. 

Мўйноқ туман ҳокими Сайловбой Данияров туманнинг Оролга қўшилиб кетган еридан 4 гектар жой боғ учун ажратиб беради.

Ва ниҳоят ЎзДСМИ ҳамда унинг Фарғона ва Нукус минтақавий филиаллари ходимлари, талабаларнинг саъй-ҳаракатлари билан Мўйноқда боғ барпо этилди. 

Дарахтзор туман ҳокимининг таклифи билан “Қўқон боғи” номи билан юритиладиган бўлди.

 

Бўлимлар