Жўқорғи Кенгес Раисининг навбатдаги сайёр қабули Қораўзакда ўтказилди

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида “Халқ давлат идорларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида ўтказилаётган сайёр қабуллар халқимизнинг кундалик ҳаётида юзага келаётган муаммоларнинг жойида ҳал этилишига, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязовнинг аҳоли учун навбатдаги сайёр қабули Қораўзак туманининг “Маданият” овул фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Тадбирда вазирликлар, муассасалар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотларнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Ўтказилган мазкур сайёр қабул давомида фуқаролар асосан турар жой, ишсизлик, йўл қурилиши, умумтаълим, мактабгача таълим, тиббий ва коммунал хизмат кўрсатиш, имтиёзли кредит сингари масалаларда мурожаат этди.

Сайёр қабулда жами 200 дан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланиб, шундан 100 дан ортиқ мурожаат жойида ўз ечимини топди. Атрофлича ўрганиш ҳамда маълум муддат талаб этиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, ушбу куни Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда 180 та корхона, ташкилот ва муассасалар 726 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ярмарка давомида жами 504 фуқаро, жумладан 51 фуқаро ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган бўлса, 453 фуқаро иш  ҳақи тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Тадбир доирасида аҳоли учун китоблар, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, савдо ярмаркалари, ҳунармандлар, томорқа хизмати кўргазмалари ташкил этилди. Ярмарка иштирокчилари маҳсулотларни арзон баҳода сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан аҳолига сайёр хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Сайёр қабул иштирокчиларига бепул иссиқ овқат берилди.

 

Бўлимлар