Жўқорғи Кенгес Раиси Қораўзакдаги уруш фахрийсига Президент совғасини топширди

Яқинда  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Қораўзак тумани, “Қарабуға” ОФЙда яшовчи фуқаро, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Генжемурат Алланиязовнинг оиласига ташриф буюрди. Республикамиз раҳбари ветеран отамизни фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан самимий қутлаб, байрам муносабати билан Муҳтарам Президентимиз номидан 7,5 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотини, телевизор ҳамда кир ювиш мошинасини тантанали равишда топширди. Шунингдек, уруш фахрийсига 1 та қора мол ва бошқада совғалар ҳам топширилди. 


Генжемурат ота ўзига кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун Муҳтарам Президентимизга чексиз миннатдорчилигини билдириб, бугунги бахтли, фаровон турмушимизга шукроналар айтиб, дунёда ҳеч қачон уруш бўлмаслигини тилади.
Тадбир давомида санъаткорлар томонидан уруш йилларидаги куй-қўшиқлар ижро этилди. 

Барчамизга маълум, жорий йилнинг 23 апрель куни Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик куриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. 
Мазкур ҳужжатларга асосан, мамлакатимизнинг барча жойларида 
9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш кунини юқори савияда ўтказиш, уруш фахрийларини моддий ва маънавий томондан рағбатлартириш борасидаги эзгу ишлар бошланиб кетди.
 
Жўқорғи Кенгес Матбуот хизмати

Бўлимлар