Элликқалаъда “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармони ҳамда 2018 йил 4 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5408-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида яъни Ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш улар ўртасида учраётган муаммоларни бартараф этиш ва Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар иштирокида уюшмаган ёшлар билан “Ибратли тенгдошим” мавзуларида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви жорий йилнинг 3 май куни Элликқалъа туманидаги Санъат саройнинг ёзги дала шийфонида юқори даражада бўлиб ўтди.

Учрашувда туман ҳокими Сейдамат Сейдалимович Авезов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудираси Анажон Раззақова, туман Мудофа ишлари бўлими бошлиғи Қодиров Акмал, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Озода Рўзимова, тумандаги тегишли корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари рахбарлари ҳамда академик лицей, касб-ҳунар коллеж битирувчилари, ютуққа эришган бир гуруҳ ёшлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Учрашувда давомида туман ҳокими Сейдамат Сейдалимович сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, спорт соҳасидаги эришаётган ютуқларимиз, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида гапириб, ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳукумат эътиборидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққанлар юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, улар доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтилди. Туманимиздаги бир қанча ёшларимиз Фан олимпиадаси ҳамда спорт соҳалари бўйича ғолибликни қўлга киритиб келаётганлигини ва эришган ютуқлари ҳақида мамнуният билан гапириб, барча ёшларни фаол бўлишга чорлаб уларни ҳар соҳада илдам бўлиб мамлакатимизни довруғини жахонга танитишда ўз ҳиссаларини қўшишга чорлади.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган учрашувда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши аъзолари, ўқувчи-ёшлар, ёш тадбиркор, фермер, ҳунармандлар, санъат севар ёшлар ва чемпион спортчилар ўзларини қизиқтирган масалалар ва муаммолар юзасидан туман ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилишди.

Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар, таклиф ва ташаббуслар юзасидан уларнинг талаблари қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганишни тақозо этадиган долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда алоқадор давлат идораларига муддатлар белгиланиб, топшириқлар берилди.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар ва спорт ҳамда санъат йўналишларида фахрли ўринларни олиб келган ёшларга китоб ва қиммат баҳо совғалар топширилди.

Учрашув сўнгида уюшмаган ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида “Мехнат ярмаркаси” ҳам ташкил этилди. Ташкил этилган “Мехнат ярмаркаси”да муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ва уюшмаган ёшлар ўзларининг мутахассислигига мос келган ишларга йўлланмалар олишди.

 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Элликқалъа туман Кенгаши раиси,                               О.Рўзимова

Бўлимлар