«Кундузи чироқ ёқиш»: кимга фойда, кимга зарар? (уч кунлик эксперимент)

Мақола  муаллифи Фарҳод Бобожонов. У эътиборингизга ўзгаришсиз ҳавола қилинмоқда.

 

Оғриқни ўзингда ҳис қилсанг, касалнинг дардини янада теранроқ англаш мумкин экан…

Ҳозир иш вақти, лекин уйдаман. Тўғри, тушгача дарсларим йўқ, ишга бормасам ҳам бўлаверади, лекин ишдан бир хабар олиб қўйган яхши-да. Агар дарсим бўлса нима бўларди? Унда ушбу мақола ёзилмас эди, таксига ўтириб ишга кетардим. Шахсий машина бўлиб, нимага такси дейсизми? Гап шунда-да…

Эрталаб соат саккизларда кундалик одат бўйича оиламдагиларни ишга, ўқишга элтиб қўяман. Бугун ҳам ишни шундан бошладим. Кўчага чиқишим билан машиналарнинг чироқ ёқиб келаётганини кўрдим ва мен ҳам қоидага амал қилдим. Буни нимаси ёмон?

Дарвоқе, «куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт» деган ўзгартиришнинг амалиётга жорий қилинганига уч кун бўлди, ахир кеча ва олдинги кунлари ҳам шундай бўлганди-ку. Хўш, бу янгилик қандай натижаларга олиб келаяпти? Шу уч кун ичида нималарнинг гувоҳи бўлганимни ўзим миcолимда айтиб бермоқчиман холос. Хулоса чиқариш Сизга ҳавола…

11 май куни эрталаб Тошкентдан келаётган меҳмонларни кутиб олиш учун Нукус аэропортига чиқдим. Автостаянкада самолёт тушишини кутиб турганимда хоразмлик меҳмон машинасининг мотори ўт олмаётганини айтиб, менинг машинам аккумуляторидан фойдаланишга рухсат сўради. Сабабини суриштирсам, машинани ўчирганимда чироқлар ёниб қолганини пайқамай қолибман, деб жавоб берди. Мен дарҳол ёрдамга ошиқдим. Омадсизликни қарангки, меҳмонимизнинг калити машинасининг ичкарисида қолиб кетибди ва электр тизимида муаммо вужудга келиб машина автоматик тарзда қулфланиб қолибди. Вазиятни кўрган автостаянкадаги ўнлаб шофёрлар машина атрофига йиғилди. Самарали ва аёвсиз ҳаракатлар натижасида «Ласетти» эшикларини анча жароҳатлаб ниҳоят мақсадга эришдик. Бир амаллаб машинани ҳам ўт олдирдик. Қанча вақт, қанча асаблар… Қандайдир мартабали меҳмонни кутаётган хоразмлик шофёр дўстимиз анча ҳижолатланди. Унинг асабийлашган руҳий ҳолати маст ҳайдовчидан ҳам ёмонроқ эди, назаримда. Ишқилиб нотаниш меҳмонимиз эсон-омон юртига етиб борган бўлсин!

Куни кеча, 12 май якшанба куни Нукусдан қишлоққа қайтдим. Йўлда икки-уч жойда ЙПХ ходимлари чироқ ёқмай келаётган автоуловларни тўхтатишаётган эди. Ҳайрият, мен қоидани бузмай келаяпман…

Одатдагидек, қишлоққа борганимда бутун оила жамлашиб турли мавзуларда суҳбатлар бўлади. Ака-укаларимнинг ҳам машиналари бўлганлиги сабабли янги қоидалар ҳам суҳбат мавзусидан четда қолмади. Ҳар ким ўзича муносабатини ва кўрган кечирганларини гапириб берди. Қизиғи, ака-укаларим ҳам аллақачон «кундузи чироқ ёқиш»нинг натижаларини кўриб улгуришган экан. Аккумуляторнинг ўтириб қолиш ҳолати бир неча марта учраган бўлса, электр тизимида қисқа туташлар бўлиб ёнғин содир бўлган ҳолатлар ҳам кузатилибди. Кунлар қизигандан кейин яна қандай ҳолатлар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги фаразлар суҳбат чоғида ҳам айтиб ўтилди. Ҳаммамиз ҳам бундан кейин «эҳтиёт шарт», «чироқни ёққандан кейин, эсдан чиқармаслик керак», деган хулосалар билан мавзуни ёпиб, яна шаҳарга қайтдик.

Юқорида айтганимдек, бугун эрталаб фарзандларни ўқишга элтиб, уйга келдим. Бир соатларча уй ишларини тартибга солиб, ишга отландим. Машинага ўтириб маторни ўт олдирмоқчи бўлсам – ток йўқ. Юрагим жизз этди. Икки кун ичида кўрган ва эшитганларим кўз олдимдан ўтди,  «чироқни ёққандан кейин, эсдан чиқармаслик керак» деб бошқаларга айтса ярашар экан... Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, бошқалар каби биз ҳам унутишимиз мумкин-ку! Энди оғриқни аста-секин ҳис қила бошладим… ва ҳақли савол туғилди: «Куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт» деган ўзгартишдан КИМ ЮТАДИ, КИМ ЮТҚИЗАДИ, КИМ ҚАНЧА ФОЙДА КЎРАДИ?

Давлат фойда кўриши аниқ (моддий фойдани назарда тутаяпман!), чунки юзлaб, минглаб қоидабузарликлар аниқланиб жаримага тортилади. Хазина бойийди. Лекин фуқаролар-чи? Улар қоида бузмайман деб қанча  зарар кўришади? Буни ҳам кимдир ҳисоблармикан? Юқоридаги ҳолатларга тушганлар асабийлашиб, янги қоидабузарликлар, энг ёмони даҳшатли автоҳалокатлар юз беришига сабабчи бўлмайдими? Ахир ҳар қандай асабийлашиш инсонни нормал руҳий мувозанатдан чиқариб юборишини психологиядан яхши биламиз-ку. Буни ҳам кимдир ўйлармикан. Балки депутатлар, сенаторлар бу масалага эътибор қаратишар! Яна Xудо билади…

Одатда, кўпчилик хулосалар статистик маълумотларга асосланилади. «Кундузи чироқ ёқиш» эвазига машина эгалари қанча моддий ва маънавий зарар кўриши хусусида ҳам кимдир статистик ҳисоб-китоб юритармикан?

Танганинг нариги томонидагилар дарҳол эътироз билдириб, «ҳозирги машиналар замонавий, калитни олиш билан ҳамма чироқлар ўчади» дейиши мумкин. Лекин бундай машиналар Ўзбекистонда неча фоизни ташкил қилади? Ўзимизда ишлаб чиқилаётган автоуловларда яқин-яқинларгача бундай имконият йўқ эди-ку! Ҳозир ишлаб чиқарилаётган ҳамма машиналарда ҳам бундай имконият бўлмаса керак. «Иномарка» машиналар олиш (божхона тўловларини назарда тутаяпман) эса алоҳида мавзу (!).

Ҳар қанда қонун-қоида қабул қилинаётганда менталитет, халқнинг моддий аҳволи, техник имкониятлар, ҳудуднинг иқлим шароити каби омиллар ҳисобга олиниши керак, назаримда. «Кундузи чироқ ёқиш»дан аниқ мақсад нима? Бундан ким фойда кўради, ким зарар?  Мазкур муаммога муносабат билдирувчи мутасаддиларни «кундузи чироқ ёқиб» қидиришда давом этамиз…

Бўлимлар