Солиқчилар томонидан “Тадбиркорлар”га фаолиятини қонунийлаштириш мақсадида амалий ёрдам берилмоқда, бироқ...

 “Мен тадбиркор бўлмоқчиман ва шу ила ватанимга, юртимга сидқидилдан хизмат қилиб, янги иш ўринларини яратган ҳолда бандликка кўмаклашмоқчиман” деган ҳар бир юртдошларимиз учун мамлакатимизда ҳар томонлама имкониятлар эшиги очиб берилган. Ҳаттоки, улар фаолиятида ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида ортиқча текширишлар камайтирилиб,эркин фаолият юритишлари учун қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Бироқ, яратилган имконият ва шароитлардан бошқа эгри йўллар билан яъни ноқонуний фойда топишга ҳаракат қилаётган “тадбиркорларимиз” ҳамон учрамоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тадбиркорлар орасида қонуний фаолият юритиб, солиқларни вақтида тўлаган ҳолда иқтисодиёт тараққиётига биргаликда ҳисса қўшиш Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиз эканлиги ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган “тадбиркорлар”нинг ноқонуний фаолиятини қонуний юритишга кўмаклашиш мақсадида солиқ органи ходимлари томонидан расмий огоҳлантириш хатлари юборилмоқда. Бироқ...

Хусусан, бошқарманинг солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида Хўжайли тумани Р.Жапбаров кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро А.Е. тумандаги Савдо комплексида ноқонуний равишда тегишли ҳужжатларсиз ноозиқ овқат маҳсулотларини сотиб турганлиги аниқланди. Фуқарога тегишли бўлган ҳар турдаги жами баҳоси 24 млн 620 минг сўмлик маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, Нукус шаҳри Солночная кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро У.Ж. Нукус шаҳар П.Сейтов кўчасидаги рақамсиз уйда ноқонуний тарзда компьютер ўйинлари ва play station хизмати билан шуғулланиб келганлиги аниқланиб, сохта тадбиркорлик фаолиятига чек қўйилди. Фуқарога тегишли бўлган жами баҳоси 19 миллион 400 минг сўмлик компьютерлар холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Назорат тадбирлари давомида Нукус шаҳри С.Айний кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Е. пойтахтимиздаги Е.Алакоз кўчаси рақамсиз уйда давлат рўйхатидан ўтмасдан кийим-кечак маҳсулотларини сотиб келганлиги аниқланди. Фуқарога тегишли бўлган жами баҳоси 8 миллион 300 минг сўмлик маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, белгиланган солиқларни тўламасдан қочишга ҳаракат қилаётган, ўзларини уддабурон ишбилармонлардан санаётган фуқаролар наҳотки бу танлаган эгри йўлларнинг охири берк эканлигини тушунмасалар.

Унутманг, сиз тўлаётган солиқлар аҳоли фаровонлигини оширишга, фарзандларимизнинг яхши таълим олишига, ижтимоий соҳани ривожлантиришга, жамики юрт тараққиётига хизмат қилувчи эзгу амалларга йўналтирилиши билан ҳам аҳамиятлидир.  

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.    

Бўлимлар