1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари билан интервью

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур сиёсий тадбир очиқ-ошкоралиги, тенглик ва холислик тамойилларга асосланганлиги билан ҳам халқимиз турмушида аҳамиятлидир.

Биз, сайлов қонунчилигига киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида кенгроқ маълумот олиш мақсадида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари, юридика фанлари номзоди Сапаргул Утемуратовага мурожаат қилдик.
— Аввало, республикамизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида қисқача маълумот берсангиз?
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси таркибида тузилган 591 участка сайлов комиссияларида сайловга тайёргарлик ишлари қонунчиликда белгиланган тартибда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, айни кунларда Марказий сайлов комиссияси, экспертлар гуруҳлари ҳамда округ сайлов комиссияси аъзолари иштирокида барча шаҳар ва туманларда сайлов участкалари комиссияларининг фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган семинар-тренинглар ўтказилмоқда. 
— Жорий сайлов жараёнларида илк бор амалиётга татбиқ қилинаётган сайлов қонунчилигидаги айрим ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида айтиб ўтсангиз?
— Ушбу Президент сайловида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига 2015 йил декабрда киритилган бир қатор ўта муҳим демократик ўзгартиш ва қўшимчалар илк маротаба сайлов амалиётида қўлланилмоқда. 
2015 йилда Қонуннинг 12 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, илк маротаба қамоқда сақлаш жойларида ҳам сайлов участ¬калари тузилиши мумкинлиги белгиланди. Сайлов участкаси ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам сайловчилар рўйхатига киритилиши белгиланди. Шунга кўра Нукус шаҳрида 591 сайлов участкаси тузилди. Шунингдек, сайлов ҳуқуқлари бузилиши устидан берилган шикоятларни сайлов комиссиялари ҳамда судлар томонидан кўриб чиқиш муддатлари икки кундан йигирма тўрт соатга қисқартирилди.
— Маълумки, олдинги сайловларда участка сайлов комиссияларида ташкил қилинган “Она ва бола”, “Тиббиёт” хоналари халқаро кузатувчилар томонидан алоҳида эътироф қилинди. Айтингчи, жорий сиёсий тадбирда сайлов участкалари фаолиятини тўғри ташкил қилиш ҳамда янада самарали натижаларга эришиш бўйича қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган учас¬тка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш бўйича услубий тавсияларида бу борада зарур кўрсатмалар берилган. Хусусан, овоз бериш хоналарига олиб борувчи кўрсаткичларни кўринарли жойга жойлаштириш, бинога кириш жойида ногиронлар аравачасига мослаштирилган пандуслар бўлишига, сайлов қутилари, кўчма сайлов қутилари ва яширин овоз бериш кабиналарини овоз бериш учун шай ҳолатга келтириб қўйиш каби бир қатор услубий тавсиялар берилган. 
Участка сайлов комиссияси жойлашган бинода “Она ва бола” хонаси ташкил этилади ва у услубий тавсияларнинг 8-иловасига мувофиқ жиҳозланади. Округ сайлов комиссияси кўмагида ушбу хонада сайлов участкасига яқин жойда жойлашган мактабгача таълим муассасасидан 2 нафар тарбиячи жалб қилиниши, уларнинг 1 нафари эрталаб соат 06:00 дан 13:00 гача, 1 нафари соат 13:00 дан 20:00 гача ушбу хонада навбатчиликда туриши тавсия этилади.
Шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни мурожаат қилган шахсга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббёт хонаси ташкил қилиниши мақсадга мувофиқдир. Тиббиёт хонаси Услубий тавсияларнинг 9-иловасига мувофиқ жиҳозланади ва дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар билан таъминланади. 
— Сайлов қонунчилигига сиёсий партиялар фаолияти ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бўйича киритилган айрим ўзгартишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
— Президент сайловларига тайёргарлик жараёнларида сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг камида беш фоизини қамраб олиши тўғрисидаги қоида “бир фоизи” деб сезиларли даражада либераллаштирилди. 
Қонуннинг 28-моддасида сайловолди ташвиқоти тушунчаси мустаҳкамланиб, унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият сайловолди ташвиқоти ҳисобланади. Шунингдек, қонун билан “жимлик куни” ўрнатилди, яъни сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Ушбу қоида сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий мойиллигини аниқлаб олиш ҳамда Президентликка номзодлардан қайси бирига овоз бериш учун онгли қарор қабул қилишга қўшимча вақт ажратиш мақсадида жорий қилинди. 
— Сайловчилар рўйхатини тузиш борасида қандай янгиликлар жорий қилинмоқда?
— Санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида сайловчилар рўйхати тузилаётганда участка сайлов комиссияси ушбу фуқаролар доимий ёки вақтинчалик яшайдиган участка сайлов комиссияларига фуқароларни уларнинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича сайловчилар рўйхатидан чиқариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ахборотни етказиш чораларини кўриши керак. Бу ахборотларни тегишли манзилдаги сайлов комиссияларига етказиш учун жойлардаги участкаларнинг телефон рақамлари ва электрон манзиллари округ сайлов комиссиясининг расмий сайтида жойлаштирилиши назарда тутилмоқда. 
Сайловчилар рўйхати сайловдан ўн беш кун аввал, хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, узоқ ва бориш қийин туманларда, қамоқда сақлаш жойларида ташкил этилган сайлов участкаларида эса сайловчилар рўйхати сайловдан икки кун аввал ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади. 
— Муддатидан олдин овоз бериш тартиби ва вақти ҳақида маълумот берсангиз?
— Муддатидан олдин овоз бериш “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида, “Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. 
Хулоса қилиб айтганда, ушбу сайловларни юксак даражада ташкил этиш халқимизнинг сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданиятини намоён этади.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ
суҳбатлашди.

KRuz.uz'нинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Бўлимлар