Advice.uz бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган портал ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган www.advice.uz порталини ишга туширди.

Мазкур портални яратиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармонида белгиланган эди.

Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Advice.uz лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳа Буюк Британиянинг Citizens Advice тармоғи тажрибаларидан фойдаланган ҳолда яратилди.

Маълумот учун: Citizens Advice – бутун Буюк Британия бўйлаб фаолият юритадиган 316 та мустақил хайрия ташкилотларидан иборат тармоқ бўлиб, у фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат беради. Тармоқ 1939 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унда 7000 нафар ходим ва 22 мингдан ортиқ кўнгилли волонтерлар фаолият юритади.

Порталда қуйидаги ҳуқуқий масалалар:

  • меҳнат қонунчилиги;
  • чет элда ишлаш тартиби — миграция;
  • паспорт тизими;
  • оила муносабатлари;
  • уй-жой, коммунал хўжалик;
  • фуқаролар тадбиркорлиги;
  • ижтимоий ҳимоя масалалари;
  • соғлиқни сақлаш;
  • банк, солиқ масалалари;
  • транспорт соҳасидаги қонунчилик;
  • давлат хизматлари;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • таълим қонунчилиги;
  • суд-ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий ҳимоя;
  • мажбурий ижро бюроси, низоларни ҳал қилиш;
  • ҳарбий хизмат ҳақида маълумот олиш мумкин.

Бундан ташқари, махсус онлайн-маслаҳатчи хизмати орқали ҳам ўзингизни қизиқтирган ҳуқуқий масалалар ечимини топишингиз мумкин.

Порталда жойлаштирилган барча маълумотлар тавсиявий аҳамиятга эга бўлиб, у ёки бу масаланинг ҳуқуқий ечимини тез топишга қаратилган.

Онлайн-маслаҳатчи хизматидан фойдаланиш тартиби:

  1. «Advice.uz» ҳуқуқий ахборот порталининг онлайн-маслаҳатчи хизмати орқали ҳуқуқий маслаҳатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача берилади.
  2. Порталнинг онлайн-маслаҳати хизматига келиб тушган мурожаатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига тенглаштирилмайди ҳамда уларга берилган ҳуқуқий маслаҳатлар тавсиявий характерда бўлади.
  3. Портал орқали юридик шахслар фаолияти, хусусан юридик шахслар тадбиркорлиги масаласида ҳукуқий тушунтириш берилмайди.

Бахрам Сейтназаров Нукус шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси

 

Бўлимлар