Қорақалпоғистонга ҳар хил турдаги алкоголь маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан олиб киришмоқчи бўлишди

Юртимизда божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган фуқароларнинг ўз эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликларини олиб ўтишлари учун бир қатор қулайликлар яратилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бундай имкониятлардан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб қолишга уринаётганлар ҳам учраб турганлиги, айниқса ачинарлидир.

 

Бу борада, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳар хил турдаги алкоголь маҳсулотларнинг республикамиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилишининг олди олинмоқда.

Бошқарманинг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Тахиатош туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида, А-380 автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Д.А. бошқарувидаги  «Volkswagen» русумли автомобиль тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу автоулов салони ва унга бириктирилган тиркамасида чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиймати сал кам 56 миллион сўмлик 179,8 литр ноқонуний олиб келинаётган виски ва коньяк маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.

Бўлимлар