Қорақалпоғистондан фарғоналикларга 1000 та китоб совға қилинди

Бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан китобхонликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов яқинда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида бўлиб, маҳаллий аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тилак-истакларини тинглаганида улар китобхонликга қизиқиши юқори эканлигини ва қорақалпоқ шоир ва ёзувчиларининг асарлари билан яқиндан танишиш истаги бор эканлигини билдирган эди.

Ёзёвонлик кўп сонли китобхонларнинг тилак-истакларини инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязовнинг топшириқлари билан Ёзёвон тумани аҳолиси учун қорақалпоқ фольклори, ёзувчи ва шоирларининг энг сара асарларидан иборат 1000 дона бадиий китоб совға этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов ҳамда Халқ таълими вазири А.Аяповлар иштирок этди.

Республикамиз вакилларини Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари   Файзуллажон Қосимов ва туман ҳокими Йўлчибой Боййигитов, туман фаолари, ўқитувчи ва ўқувчилар, турли миллат маданий марказлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари нон-туз, гулдасталар билан тантанали равишда кутиб олди.

Дастлаб тумандаги файзли масканларининг бирида нуронийлар билан учрашув ташкил қилиниб, дилдан суҳбат қурилди.

Бундан сўнг вакилларимиз мезбонлар бошчилигида китобларни ўз эгаларига етказиш мақсадида «Такалик» МФЙ ҳудудида жойлашган мактабга ташриф буюрди.

Байрамона тарзда турли хил безаклар билан чиройли этиб безатилган мактаб олдида ўқитувчилар ва ўқувчилар, ота-оналар жамоаси меҳмонларни илиқ юз билан қарши олди. Ёзёванлик мактаб ўқувчиларига китоблар тантанали равишда топширилди.

Ўз навбатида тадбир қатнашчилари ва меҳмонлар учун мактаб жамоаси томонидан ҳунармондчилик кўргазмаси ҳамда концерт дастури ташкил этилди.

Шунингдек, вакилларимиз шу куни янгидан ташкил этилган мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимида қатнашиб, мезбонларнинг илтимосига кўра ушбу муассасага “Ғумша” деб ном берди.

 

Бўлимлар