Қорақалпоғистонлик пиллакорчиларимиз шартнома режасини ортиғи билан бажарди

  Пилла – халқ бойлиги. Қишлоқ хўжалиги соҳасида пиллачиликнинг ўз ўрни бор. Буни теранг англаган Республикамиз пиллакорлари ҳар йили пилладан мўл ҳосил олиш учун тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Мана жорий йилги баҳорги пилла етиштириш мавсумини ҳам яхши ўтказган Республикамизнинг пиллакорлари ўзларига билдирилган ишончни оқ юзли, обрўйли бўлиб оқлаб чиқди. Яъни, улар 591,7 тонна пилла хирмонини яратиб, шартномавий режаларини ортиғи билан мардонавор бажардилар.

Албатта, бу меҳнат ғалабаси мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг раҳномалигида иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, айниқса деҳқон ва фермерларимизга яратилаётган кенг имкониятларнинг натижасидир.

Бу меҳнат зафарига биринчилардан бўлиб ўз ҳиссаларини қўшган Чимбой (8,18 т), Шуманай (2,12 т) туманлари заҳматкашларининг меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтсак бўлади. Шунингдек, бу эзгу ишга Амударё (176,2 т), Элликқаъла (119,95 т), Тўрткўл (129,3 т), Беруний (114,1 т), Хўжайли (15,11 т), Тахитош (12,91 т), Кегейли (10,81 т), Қонликўл (1,5 т) ҳамда Нукус (1,5 т) туманларининг пиллакорлари ҳам салмоқли ҳиссаларини қўшдилар.

Маълумот ўрнида айтиб ўтсак, баҳорги пилла етиштириш мавсумида Республика бўйича ҳар бир қути пилла қуртидан ўртача 55,3 кг дан пилла етиштирилиб, тайёрлаш пунктларига 591,7 тонна сифатли пилла ҳосили келиб тушди.

Давлатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ўзларининг ҳиссаларини қўшишни шараф деб билган Республикамиз пиллакорларини эришган зафарлари билан самимий табриклаймиз ва пилладан иккинчи ҳосил олиш мавсумини ҳам юқори даражада ташкил этиб, пилла хирмонининг янада ортишида жонбозлик кўрсатишига ишонамиз.

 

Бўлимлар