Қорақалпоғистон Республикаси Кувайтнинг яна бир инвестори билан ҳамкорлик ўрнатмоқда

  Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Кувайт давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Аълоев ва “Petroleum Dynamics Oil & Gas” компаниясининг вице-президенти Махаешом Арйей раҳбарлигида делегация республикамизга ташриф буюрди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов меҳмонлар билан музокаралар олиб борди.

Музокаралар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси меҳмонларни республикамизга ташрифи билан қутлаб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, инвесторлар учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан таништирди.  Ўз навбатида “Petroleum Dynamics Oil & Gas” компаниясининг вице-президенти Махаешом Арйей илиқ юз билан қабул қилгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раисига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. 

Шундан сўнг делегация аъзолари Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва корхонанинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Компания вице-президенти бу ердаги сода ва костик сода, цемент, ўғит ишлаб чиқариш, шунингдек, газ-кимё мажмуасининг қурилиш ишларига қизиқиш билдириб, бу лойиҳаларни ўрганиб чиқишини билдирди.  

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 28 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Кувейт давлатининг “Аль Амакин аль-Аламий” корпорацияси раиси Насер аль Ажмини ҳам қабул қилган эди.

Қабул маросимида корпорация томонидан умумий қиймати 20 миллион АҚШ доллари инвестиция киритилиши назарда тутилган меморандум имзоланган эди.

Бўлимлар