Саламат Қутибаев мавсумни қандай ўтказди?

Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилаётган Қутибаев ушбу мавсумни қандай ўтказди? Қуйида ушбу саволга жавоб топамиз.

Саламат "Бухоро" таркибида Олий лигада 29 та учрашувда, умумий ҳисобда 2334 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.

Ярим ҳимоячи ана шу беллашувларнинг 25 тасини асосий таркибда бошлаган бўлса, қолган 4 тасида эса захирадан майдонга тушган.

Мураббийлар Қутибаевни 6 та баҳсда захирага олишган.


Футболчи 5 та учрашувда гол киритди. Келинг яхшиси, у гол урган ўйинларга қисқача тўхталиб ўтсак.

Футболчи илк голини 4-турда "Қўқон-1912"га қарши меҳмондаги ўйинда киритди. Саламатнинг 78-дақиқада урган голи, учрашувда ягона бўлган эди.

5-турда "Андижон"га қарши Бухородаги ўйиннинг 58-дақиқасида Қутибаев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келган эди. Якунда Бухороликлар 5:2 ҳисобида зафар қучишди.

Унинг учинчи голи 7-турда Зарафшонда "Қизилқум"га қарши учрашувда тўғри келди. Қутибаев 64-дақиқада ҳисобни очган эди. Ушбу баҳсда Бухоролик футболчилар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Саламат 14 ўйинлик голсиз cериясини 22-турда яна "Қизилқум" билан ўйинда якунлади. Бу учрашувда ҳам у ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 56-дақиқада Саланинг зарбасини рақиб посбони бартараф эта олмади. Шу куни "Бухоро" 2:0 ҳисобида меҳмонлардан устун келди.

Ярим ҳимоячи мавсумдаги сўнги голини 26-турда "Локомотив" дарвозасига киритди. 44-дақиқада Саламат "темирйўлчилар" посбони Нестеров дарвозасига жамоасига ғалаба келтирувчи голни урган эди.


Эътиборли жиҳати Қутибаев гол урган ўйинларда жамоаси очко йўқотмаган. У уч марта ҳисобни очиб, 2 бора жамоасига ғалаба келтирувчи голга муаллифлик қилди.

Саламат "Пахтакор", "Машъал" ва "Насаф" билан ўйинларда ҳакамлар томонидан огоҳлантирилган. Диққатга сазовор жиҳати, ярим ҳимоячи сариқ карточка олган беллашувларда "Бухоро" ғалаба қозонмаган.

Унинг кубокдаги ўйинларига ҳам назар солиб ўтсак. 6 та учрашувнинг барчасида асосий таркибда майдонга тушиб, 1 марта алмаштирилган Саламат умумий ҳисобда 503 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Қутибаевдан кубокда жабр кўрган жамоа бу "Қўқон-1912" клуби бўлди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига 6 та учрашувда чақирилган қорақалпоқ ўғлони Канадага қарши ўртоқлик учрашувининг 84-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, термадаги ҳозирча биринчи ва охирги ўйинини ўтказди.

Саламат Қутибаев 2016 йилда умумий ҳисобда 36 учрашувда майдонга тушди. Ана шу учрашувларнинг 31 тасини асосий таркибда бошлаб, 28 тасида тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳааракат қилган. Майдонда ҳаракат қилган умумий дақиқалари сони эса 2843 тани ташкил этди. Бешта баҳсда ҳакамлаар ярим ҳимоячини сариқ карточка билан "сийлашган".

Фурқат Юсупов тайёрлади

Манба: KRuz.uz

KRuz.uz'нинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг

Бўлимлар