Амударёлик ғаллакорлар 7300 тонна буғдой топшириб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди


2019 йил ҳосили учун ўтган йилнинг куз ойларида Амударё туманида 328 та фермер хўжаликларининг 3350 гектар ер майдонига буғдой экилган эди.

Илғор ва тажрибали ғаллакорлар буғдойни экишдан бошлаб, уни агротехника қоидалари асосида парваришлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширдилар.


Буғдой ўрим-йиғим бошланишидан олдин туман бўйича 13 та отряд ташкил этилиб, уларга биттадан комбайнлар биркитирилди. Шунингдек, ўрим-йиғимида мавсумида жами 150 тадан ортиқ, шу жумладан 58 та ташиш техникаларидан самарали фойдаланилди.


Жорий йилнинг 18 июнь куни туман ғаллакорлари давлат хирмонига 7295 тонна буғдой ҳосилини топшириб, ўзларининг шартномавий режаларини муваффақиятли адо этдилар. Бу ҳақида туман ҳокимлиги хабар бермоқда.


Бу йил ғалла етиштиришда Қиличбой, Тўлқин ва Бўзёп овуллардаги фермер хўжаликлари пешқадамлик қилдилар.


Чойкўл овулидан “Юлдашев Анвар”, Тўлқин овулидан “Амударё соҳили” фермер хўжаликлари ҳар бир гектар ердан 70 центнердан ғалла ҳосили олишга эришдилар. Шунингдек, Бўзёп овулидан “Айтбой Отахон”, “Ўрта қалъа” овулидан “Исмоилов Элдорбек” ва Бобур номли овулдан “Абдулла” фермер хўжаликлари ҳам ҳосилдорлигини 60-62 центнерга етказишга муваффақ бўлдилар.


Айни кунда туманда ҳосилдан бўшаган далаларни пешма-пеш шудгорлаш, такрорий экин экиш ишлари амалга оширилаяпти. Шу кунгача минг гектардан ортиқ ер шудгор қилинди ва 800 гектар ерга такрорий экинлар экилди.

Бўлимлар