Дадасини соғинган болажонлар полигон бўйлаб саёҳат қилишди

 20 июнь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги томонидан Нукус гарнизонидаги полигонда бир неча кундан бери амалий машғулотларда иштирок этаётган ҳарбий хизматчиларни фарзандлари учун дала ўқув майдонига саёҳат уюштирилди.

Эрталабдан ҳарбий шаҳарчада келиб турган автобус бирпасда болажонлар билан тўлди. Ҳаммасининг нияти битта – ҳарбий машқларда тобланаётган дадаларини тезроқ кўриш эди.

Тонгнинг майин шабадаси ҳам иссиққа бардош бера олмай турган полигонда машғулотлар қизғин кечарди. Тунгги отиш машқларини кундузги амалиётлар эгаллади. Ўқув нуқталарида машғулот раҳбарлари бошчилигида аскарларнинг амалий кўникмалари оширилар, ўқ отиш майдонларида эса синовдан ўтарди.

Болажонларнинг амалий отиш машқларини кузатишлари учун тортилган чодирлар қуёш тафтидан ҳимоялаб турди. Қурол ва ўқ дорилар билан танишув, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситалари ва бошқа ҳарбий анжом-аслаҳалар ҳақидаги маълумотлар қизиқарли ва мазмунли бўлди. Ўқ овозини эшитган болакалайларнинг ҳайрати ўзгача кечди.

Ниҳоят кутилган онлар келди. Машғулотлар ўртасидаги танаффус кутилмаган учрашувга сабаб бўлди. Болажонлар юрт ҳимоясида шай турган дадаларини юзларида қувонч билан кутиб олишди.

- Дала ўқув машғулотларига олиб бораман, деб қизларимга ваъда берардим. Аммо уддасидан чиқа олмасдим. Бугун мен ва улар учун ўзгача кун бўлди. Полигонда болажонларимни кўриб кўзларимга ишонмадим. Ҳақиқатан ҳам кутилмаган учрашув бўлди, – дейди майор Даврон Саидов.

Учрашув сўнгида болажонларни уйларига қайтариш жуда қийин бўлди. Ахир дадалари бажараётган амалий машғулотлар бир-биридан қизиқ ва ўзгача эди. 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Бўлимлар