Солиқлардан қочиш - давлат бюджетига катта йўқотиш демакдир

Юртимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият юритишлари учун имконият, шароит яратиб бериш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ, халқимиз орасида “гуруч кўрмаксиз бўлмайди” деган гап бор. Иқтисод ва жамият ривожига соя солаётган сохта тадбиркорлар ҳам ҳамон орамизда учрамоқда. 
Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши “тадбиркорлар” томонидан солиққа оид билимларининг саёзлиги эмас, аксинча билиб-билмай ёки эътиборлсизлик оқибатида келиб чиқмоқда. Ваҳоланки, солиқ ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш объектларига жойига борган ҳолда солиқ қонунчилигига оид янгиликлар ва ўзгаришларни етказиш, солиқларни тўлаш ва ҳисоблаш тартиблари ҳақида тарғибот-ташвиқот, тушинтириш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, ҳали ҳанузгача давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолиятини давом эттириб келаётган “тадбиркорлар” ҳам  орамизда йўқ эмас. Уларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари билан яъни солиқлардан қочиш орқали юритимиздаги ижтимоий соҳаларнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқдалар.
Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ органлари ходимлари томонидан  “тадбиркорлар”га ўз ишларини қонуний юритишлари учун жорий йил бошидан жойларда 103 та семинарлар ўтказилди. Шунингдек, 14000 маротаба профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилиб, “тадбиркор”га расмий огоҳлантириш хатлари берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бироқ, шунга қарамасдан бу кўрсаткич, яъни,  ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 237 тага ортганлигини кўрсатмоқда. Ачинарлиси, ушбу рақамлар солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши орқали сохта тадбиркорлар томонидан давлат бюджетига йўналтириладиган солиқлардан қочишга ҳаракат қилишганлигини кўрсатмоқда. 
Хусусан, ўтган йилнинг январь-май ойлари давомида жами 275 маротаба солиқ ходимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилди. Мазкур назорат тадбирлари давомида   жами баҳоси 185 миллион 794,6 минг сўмлик ноқонуний равишда сотилаётган ва тегишли ҳужжатларсиз хизмат кўрсатиш ҳолатлари аниқланган эди. Жумладан, 94 та ҳолатда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари 17 миллион  930,8 минг сўмлик,  21 та  ҳолатда яширин цехлар фаолияти  баҳоси 12 миллион  662,0 минг сўмлик, 160 та ҳолатда ҳужжатсиз савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти бўйича жами баҳоси 155 миллион  201,8 минг сўмлик товар моддий бойликларнинг ноқонуний сотилиши ҳамда ҳужжатсиз хизмат кўрсатиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди. 
Жорий йилнинг 5 ойи давомида давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан 512 марта назорат тадбирлари ўтказилиб, мазкур тадбирлар давомида жами баҳоси  1 миллиард  711 миллион  394,9 минг сўмлик ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Хусусан, 154 та ҳолатда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари  баҳоси 541 миллион 505,4 минг сўмлик, 103 та ҳолатда яширин цехлар фаолияти жами баҳоси 522 миллион  721,1 минг сўмлик, 255 та ҳолатда ҳужжатсиз савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти бўйича баҳоси  647 миллион 168,5 минг сўмлик қўштирноқ ичидиги тадбиркорларнинг маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди ва тегишли тартибда расмийлаштирилди.
 Хулоса ўрнидан шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат бюджетига жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланаётган солиқлар юртимизнинг ҳар жабҳада ривожланишига, истиқболли лойиҳаларнинг босқичма-босқич амалга оширилишига ҳамда  аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. 

 

 

Мереке Мершиева,

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи. 

 

 

                                    

Бўлимлар