Элликқалъалик ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг тўй маросимлари ҳамда суннат тўйлари ўтказиб берилди

  Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат амалларини мустаҳкамлаш, оилалар тинчлигини асраш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига киради. Ушбу жиҳатлар 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган.

Жорий йилнинг 29 июнь куни Элликқалъа тумани “Абай” МФЙда истиқомат қилувчи Эгамбердиев Ғулом ва Рафикова Индиралар, “Тошкент” МФЙда яшовчи Калпакова Ойбек ва Равшанова Наргизалар ҳамда Отабаев Эргаш ва Султанова Севаралар тўй маросими ҳаётларининг унутилмас онларини, шунингдек, “А. Навоий” МФЙда истиқомат қилувчи Фархадов Шерали ва “Гулдурсун” ОФйда яшовчи Бабажанов Рахматжонлар суннат тўйлари маросимини нишонлаш учун Дийдор тўйхонасида ташриф буюришди.

Туманимизнинг муҳташам “Дийдор” тўйхонасига туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, шодиёна сабабчиларини қутлаш учун келган яқин қариндошу маҳалладошлар, дўсту биродарлар, фаол ёшлар, нуронийлар жам бўлишди.

Келин ва куёвлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Туман ҳокими ўринбосари Б. Алимов, туман ҳокими ўринбосари – Хотин – қизлар  қўмитаси раис Г. Аитбаева, ФЎЎБО фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши биринчи ўринбосари Ф. Ибадуллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари А.Матниязова, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О. Рўзимова ва туман бош имом хатиби И. Атаджановлар табрик учун сўз олишди.

— Бугунги тантана “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” деб номланади, — деди туман ҳокими ўринбосари ўз сўзида. — Сизлар юртимизнинг энг бахтли фарзандларисиз. Чунки, ҳаётингизнинг унутилмас онлари қувончли ўтишига шахсан Президентимиз бошчилик қилмоқда. Умид қиламизки, барчангиз мустаҳкам оила қуриб, фарзандларингизни Ватанга муносиб инсонлар этиб тарбиялайсизлар.

Шундан сўнг янги ҳаёт бўсағасидаги ёшларга замонавий микро печлар тўёна қилинди.

Даврага атроф туманларнинг ФҲДЁ бўлимлари вакиллари таклиф этилдилар. Улар ёшларга бахт тилаб, никоҳ гувоҳномаларини тақдим этишди. Келин-куёвлар ҳаяжону қувонч билан никоҳ узукларини бир-бирларига тақдилар.

— Бугун мен учун энг бахтли, унутилмас кун, — дейди Элликқалъалик Эгамбердиев Ғулом. — Қувончимни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Мана бироз йил ўтдики, Индирахонга кўнгил қўйганман. Бугун у турмуш ўртоғимга айланди. Президентимизга, висол кечамизни ташкиллашга ҳисса қўшган барча-барчага чексиз миннатдорчилик билдириб, мустаҳкам оила қуришга, Ватанимга беминнат хизмат қилишга ваъда бераман!

Тўкин дастурхон атрофида жам бўлган келин ва куёвнинг қариндош- лари, дўсту биродарлари ёшларнинг толеига ҳавас билан боқиб, уларга бахт, юртимизга тинчлик тилашди.

— Бугунги шодиёнада туманимизнинг 3 жуфтлиги ўз никоҳ тўйини нишонлаяпти, — дейди ФЎЎБО фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши биринчи ўринбосари Ф. Ибадуллаев. — Эътироф этиш жоизки, бундай инсонпарвар юртни ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Ёшларнинг ҳар бирига замонавий ётоқхона мебеллари жамланмаси, кийим-кечак ва сарполар, ҳаттоки, никоҳ узуклари ҳам тўёна сифатида тақдим этилди. Келин ва куёвлар ота-онасининг қувончини кўриб, бу каби хайрли тадбирлар фуқароларимиз учун нақадар аҳамиятли эканлигига гувоҳ бўлдик. Улар Президентимизга узоқ умр, юртимизга тинчлик, барча ташкилотчиларнинг ишларига омад тилашдан тўхтаганлари йўқ.

Тўй маросими миллий урф-одатларимизга ҳамоҳанг тарзда ўтди. Унда келин ва куёвларнинг ота - оналари, яқин дўстлари сўз олиб, оила деб аталмиш муқаддас қўрғон остонасида турган ёшларга бахт-саодат тилашди. Бундай гўзал тадбирлар тинч заминга ярашиши, Президентимизнинг юксак эътиборидан беҳад мамнун эканликларини эътироф этишди.

Мазкур саховат тадбири туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилди.

— Туманимизнинг энг чекка қишлоқ ҳудудларида яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилалар, ҳол-аҳволлари ўрганилиб, халқ эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда Элликқалъа туманда ёшларнинг никоҳ тўйлари нишонланяпти, — дейди Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О. Рўзимова. – Келин ва куёвларнинг ҳар бирини ишга жойлаш, улар учун доимий даромад манбаини яратишни ҳам мақсад қилганмиз. Бу эса хайрия тадбирининг дебочасидир. Эндиликда туманимиз бўйлаб 2 нафар боланинг суннат тўйларини ўтказмоқдамиз.

Шу куни келин-куёвлар учун замонавий енгил автомобиллар, уларнинг яқинлари учун эса автобуслар беминнат хизмат қилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур шодиёна юртимизнинг ҳеч бир фуқароси давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборидан четда эмаслигининг ёрқин намунасидир.

Бўлимлар