И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейига хорижлик раҳбар тайинланади

Россиялик санъатшунос олим Тигран Мкртичев И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи директорлиги лавозими учун ўтказилган танловда ғолиб бўлди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган «Музейларни реновация қилиш дастури»ни бажариш асносида Маданият вазирлиги ва унинг қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтказилди.

Танловда музей иши, у билан боғлиқ бўлган оммавий тадбирлар, маъмурий ва молиявий масалаларда тажрибага эга бўлган ўзбекистонлик ва хорижий мутахассислар иштирок этишди.

Аризаларни қабул қилиш, ҳужжатларга баҳо бериш ва номзодларни танлаб олиш жараёни 25 февраль – 15 июнь кунлари ўтказилди. 4 июль куни Нукус шаҳрида жойлашган И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи биносида номзодлар билан юзма-юз суҳбат бўлиб ўтди ва ғолиб аниқланди.

Иштирокчиларнинг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев раислигидаги экспертлар кенгаши томонидан баҳоланди. Кенгаш таркибига Третьяков номидаги Россия давлат галереяси раҳбари Зелфира Трегулова (Skype орқали), Германиянинг Берлин шаҳри музейлари куратори Манфред Наврот, музейлар фаолияти, археология ва маданият сиёсати бўйича ЮНЕСКО катта халқаро маслаҳатчиси Стюарт Гибсон, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Мариника Бабаназарова киритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Калбай Турдиев кузатувчи сифатида иштирок этди.

Танловда россиялик Сергей Пиляк ва Тигран Мкртичев, қозоғистонлик Гулшат Баймуратова, ўзбекистонлик Ирина Петрушина ва Октябрь Доспанов, шунингдек германиялик Тибо де Рюйтер (Skype орқали) қатнашдилар.

Номзодлар И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи фаолиятини модернизация қилиш, ходимларнинг профессионал даражаси ва малакасини ошириш, музейни бошқариш жараёнига юқори технологияларни жорий қилиш, музейнинг халқаро даражасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз презентацияларини тақдим қилишди. Шунингдек экспертлар кенгаши аъзоларининг саволларига жавоб беришди.

Танлов якунига кўра энг кўп балл тўплаган Тигран Мкртичев ғолиб деб эълон қилинди. Октябрь Доспанов эса захира ғолиби сифатида қайд этилди.

Энди музей доирасидаги маъмурий ислоҳотлар якунланганидан сўнг, ғолибга расман ишга таклифнома жўнатилади. Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев сўзларига кўра, бу сентябрь ойида юз беради.

Маълумот ўрнида, И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи 1966 йилда Нукусда ташкил қилинган. Унда 100 мингга яқин музей предметлари сақланмоқда. У рус авангард оқими рассомлари асарларининг коллекцияси бўйича дунёда Санкт-Петербургдаги Давлат рус музейидан кейин иккинчи ўринда туради. Музейда археология мероси объектларининг катта коллекцияси, шунингдек, Марказий Осиё халқларининг амалий санъати асарлари сақланмоқда. И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи дунёда «саҳро Луври», «Ўрта Осиё Третьяковкаси» деган номлар билан ҳам машҳур.

Тигран Мкртичев 1959 йилда Россиянинг Тверь шаҳрида туғилган. Санъатшунос, Россияда хизмат кўрсатган маданият ходими, 2003 йилдан бери санъатшунослик доктори. 1976-1981 йилларда ТошДУ Ўрта Осиё археологияси кафедрасини, 1982-1984 йилларда Хамза номидаги санъатшунослик институти аспирантурасини тугатган. 2005 йилдан бери Москва шаҳридаги Шарқ халқлари санъати давлат музейи бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

 

Бўлимлар