Фурқат журналистикада “эркакча” яшади ва яшайди ҳам...

KRuz.uz  сайти асосчиси, блогер, марҳун журналист Фурқат Юсупов вафот этганига бугун бир йил бўлди. Қуйида Фурқат Юсуповнинг яқини Қумар Бегниязованинг у ҳақида ёзган мақоласини тўлиғи билан ўқишингиз мумкин.

 

Ёш журналист Фурқат Юсупов тирик экан. Ҳа, у ўлмабди. Кеча, бугун, илгари, умуман ҳар куни уни кўряпман. Ғалати бўлса ҳам айтаман, у ҳамон ўша жиддий, камгап бола.

Нима учун Қорақалпоғистонлик марҳум блогер Фурқатни тирик деяпман? Чунки унинг ёзувлари, журналистикага берган сўзлари ҳамон ўлмаган. Уни тез-тез ўқияпман, демак у билан учрашяпман. “Орол қачон уйғонади”, деб ёзган мақоласи ҳануз Нукуснинг “Орол” футбол жамоасини яхши ўйнашга, дарвозага тўп уришга ундаяпти. Қорақалпоғистондаги давлат идоралари журналистлар учун қилган ишлари ҳақида тез-тез ҳисобот берадиган бўлди. Чунки бир пайтлар Фурқат “Журналист келди, оч эшикни”, деган материали билан уларни қўзғаб кетганди ахир. “Футбол эркакларнинг ўйини эмас”, деб ёзганида унга кўпчилик хафа бўлганди. Энди эса Фурқатга алам қилиб, футболчиларимиз ғалаба қозоняпти. “Нукусдаги фигурали учишлар” деб ғадир-будур йўлларни у танқид қилавергач, кўчалар текисланди, бугун ҳеч ким ўша мақола сабаб фигурали учмаяпти. Шу эмасми, сўзларнинг яшаши, сўзларда ёш журналистнинг ҳамон тириклиги. Сайёра опанинг ўғли деб бошқа йиғламай қўйганининг энг катта сабаби мана шу.

 Фурқат Юсуповнинг интернет журналистикасига ҳиссаси катта. “Қорақалпоғистонда интернет медианинг стартапи муаллифиман” деса ҳам ҳақли эди у. Негаки, блогер биринчи бўлиб, веб маконда ўзининг сайтини яратди, интернет нашрлари учун 500 га яқин материаллар ёзди. 

“Одамлар менга “нега интернетга ёзаверасан? Сенга бунинг ўзи фойдаси борми”, деб кўп айтади. Уларга индамайман. Чунки кишилар бу менинг ишим, касбим ва тақдирим эканини тушунмайди-да”, деб ёзади Фурқат кундалигида. Ёзса роҳатланадиган, ёзмаса ухлолмайдиган блогернинг бундан ҳам катта фазилати бор эди. У ҳеч кимнинг зеҳнига тегмайдиган, ҳаммага эътиборли чин инсон. “Шогирдим журналистикада “эркакча” яшади”, деб айтганида устози Зияда Қожиқбаева нақадар ҳақ эди.

Фурқат ёзишни яхши кўради, яна футболни ҳам. Баъзан ёзганлари туфайли гап эшитарди, аммо у яна ёзаверарди. “Мама, ёзадиганларим кўп, улгуришим керак”, деб айтарди менга. Ўшанда боламга бу гапни айттирмасам, тинимсиз ёзаётганда бироз дам олдирсам бўлар экан. Ўшанда у ёзиш учун ҳам яна кўпроқ яшармиди, – дейди онаси Сайёра опа.

Ёзиш “дарди” журналистнинг пешонасига битилган. Фурқат ўнта китоб ёзди. Айни пайтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан унинг биринчи китоби чоп этилиш арафасида.

Акам китоб ёзгану уни чиқаришга уринмаган. Биз таклиф билан ёшлар ташкилотига чиқгандик. Улар акамнинг китобини чиқариб берадиган бўлишди. Бироқ бу китоб ҳали чоп этилмаётир. Онам, Фурқатнинг шогирдлари, бутун Қорақалпоғистон ўша китобни кутмоқда, – дейди Искандар Юсупов.

 Чоп этилиши кечикаётган китоб тақдирига мутасаддилар шу гаплардан кейин, албатда эътибор қаратади, деб ишонамиз. Чунки Фурқатга 2018 йил берилган “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ҳам мана шундай эътибор ва эъзоз туфайли эди.

“Мен обрў, ютуқ учун ёзмадим”, деб кундалигига ёзганида Фурқат айнан нима учун ёзишини айтмаган. Кўнгил учун деб фараз қилсак, бу шунчаки эрмакка айланиши мумкин, у халқ, халқи учун ёзгани аниқ. Бу маваффақиятлар эса ўзлари Фурқатни топиб келди: Ф. Юсупов 2016 йил Миллий интернет танловида “Икки тилдаги энг яхши сайт” номинацияси ғолиби, 2014 йил “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танлови совриндори. Шу йили унга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди.

Орзу билан армон дўст бўлолмас экан. Дўстим “Олтин қалам”ни олишни жуда хоҳларди. Бу ҳоқиш обрў учун эмас, ҳавас, орзу эди. Бугун ўша орзу ушалди. Аммо мен учун бари бир кеч. У бу мукофотни ўзи кўриши керак эди. Фурқатнинг бир гапи эсимдан чиқмайди: “Ваъда берма, ҳаракат қиламан, деб айт. Шунда қаддинг баланд бўлади”.

Бугун мен ҳеч кимга қиламан бўлди, деб ваъда бермайман ва тик юрибман. Журналистикадаги энг керакли гапни айтгани учун Фурқатга раҳмат, – дейди Шуҳрат Саидаҳматов.

Фурқатнинг шогирдари кўп. “Ёш журналистлар” клубида ўзи тарбиялаган ўғил-қизлари ишини давом эттирмоқда. Блогер ўтирадиган ўриндиқ ҳам бўш эмас, у ерда укаси Искандар бор. Фурқатнинг журналистикадаги сарлавҳани тортимли этиб қўйиши, мавзуни таҳлилий ёритиб бериши ва қўрқмай муаммони ёза олиши бошқа ёш журналистларга ҳам қорақалпоқчасига айтганда, “юқсин, юқсин”, деймиз. Чунки журналистика учун Фурқатлар керак.  

У исмига яраша ҳаётда Фурқат бўлиб кетди. Ҳаттоки, ўлими қаҳрамонлик билан хотима бўлди. Чўкаётган бир қизни қутқараман, деб сув тагига кетди. Ҳам журналистика, ҳам ҳаёт учун қаҳрамонга айланди у. Фурқат – Қаҳрамон.

Гул деб ушлаганинг бўлди бир тикан,

Қиз деб ўйлаганинг сув пари экан.

Териб оламан, деб маржон тошларни

Чўкдингми шу сувнинг тагига томон.

 

Бир юлдуз ярқ этиб, сўнди осмонда,

Шулъаси сачраб тушди Бўстонга.

Бир йигит ўрнига кетдингми болам,

Мингларга тенг эдинг, Ўзбекистонда.

Тамом. Мақола тугади. Фурқат ҳақидаги гаплар эмас…

 

 

Қумар Бегниязова

Бўлимлар