Экология қўмитаси Судочье кўлининг қанча қисми ёнганини маълум қилди

Аввалроқ, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги Судочье кўлида ёнғин юз бергани ҳақида хабар берган эдик.

Судочье кўлидаги ёнғинда 278 гектар майдондаги қамишзор ёнган. Бу ҳақда Qalampir.uz  ёзмоқда.

Ёнғинга чақмоқ сабаб бўлган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров журналистлар билан очиқ мулоқот вақтида маълум қилди.

“Судочье кўлининг умумий ҳажми 50 минг гектарни ташкил этади. Ёнғин натижасида шу ҳудуддаги жами 278 гектар қамишзор ёнган”, деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров.

Бу ҳолатни ўша ерда бўлиб турган сайёҳ хабар қилгани тасдиқлади. Қўмита вакили ёнғин сабаблари ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Оловнинг келиб чиқиши ва майдонга ёйилиши ҳақида аниқ хулосалар бор. Ёнғин чақмоқдан чиққан, бошқа факт йўқ. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, кўл ичида жуда катта радиусга эга қамишзор ёняпти, қандай омил сабабли олов чиқиши мумкин? У ёққа оёқ қўёлмайсиз, қайиқ билан боролмайсиз. Қамишзорга фақат вертолёт қўниши мумкин. Биров четдан туриб, камондан оловли ўқ отмагандир?! Хуллас, сабаб — чақмоқ. Қамиш учидаги момиқ пўпанаклар жуда тез ёнади, биласизлар, учқун чиққандан сўнг шамол таъсирида олов бирданига ёйилиб кетган”, деди Ўлмас Собиров қўшимча қилиб.

Йиғилишда шунингдек, пойтахт ва вилоят ҳудудлари яшил майдонларининг янгиланиш жараёни кетаётгани, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳали ҳам кузатилаётгани ва бугун бу борада назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шаҳар ҳудудида дарахтларни атмосферанинг ифлосланиш даражасига қараб экиш илмий асосланган бўлиши керак экани қайд этилди. Масалан, йўловчи йўлаклари бўйлаб “тирик девор” ҳосил қиладиган буталар ўстириш натижасида транспорт шовқини, чангнинг олдини олиш мумкинлиги айтилди.

Бўлимлар