Ҳафта давомида қандай муҳим масалалар бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилинди?

Ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан танишинг.

1. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2019 йилнинг 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 (10%)  баравар оширилди.

2019 йилнинг 1 августдан бошлаб Ўзбекистон  ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 223 000  сўм;

ёшга доир пенсиялар – 436 150 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 436 150  сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм миқдорида белгиланди.

2. Cолиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, тадбиркорлар солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни олганидан 10 кунда молиявий жарималарни ихтиёрий тўласа, тадбиркорлар мазкур ҳуқуқбузарлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Қарор билан Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида 2021 йилга келиб даромад солиғи тўловчиларни 1,5 баравар, ҚҚС тўловчиларни 2 бараварҳамда ресурс солиқларива мол-мулксолиғитўловчиларни 2 баравар кўпайтириш режалаштирилган.

2020 йил 1 январдан “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акциялари ўтказилади.

3. “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4390-сон, 11.07.2019 й.)

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан “O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилади.

Қарор билан телеканалнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди.

Унга мувофиқ, телеканалнинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, чет эл жамоатчилигини кенг хабардор қилиш ҳисобланади.

4. Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди                 (ПҚ–4391, 11.07.2019 й.)

Қарор билан Вазирлик ҳузурида қуйидагилар ташкил этилди:

Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;

Ўқув устахоналари, техник регламентлар ва метрологик назорат хизмати;

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази.

2020 йилдан бошлаб олий таълим муассасалари молиявий барқарорлиги ва мутахассисларига талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Эндиликда контракт тўловларини амалга ошириш муддатлари олий таълим муассасаси ректори томонидан узайтирилади.

5. Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4375-сон, 28.06.2019 й.)

Қарорга мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида қуйидаги принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди:

Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Мудофаа вазирлиги таркибида);

Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Давлат хавфсизлик хизмати таркибида);

Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Ички ишлар вазирлиги таркибида);

Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Миллий гвардия таркибида);

Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида).

Янги шакллантирилаётган “Темурбеклар мактаблари”га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

6. Давлат органлари ходимларининг формали кийим-бош кийиб юриши тартибини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, қуйидаги вазифаларни бажаришда ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқи белгиланди:

тантанали формали кийим-бош – расмий, байрам, тантанали ва халқаро тадбирларда, суд мажлисларида, ОАВ билан учрашувлар ва интервьюларда, шунингдек, ўқув машғулотларида;

дала формали кийим-бош – ўқув-амалий машғулотлар даврида, фавқулодда вазиятларда, ҳарбий ҳолатда, махсус операцияларни ўтказишда фақатгина Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) ва Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан;

махсус формали кийим-бош – вазифаларини бевосита хизмат хоналарида амалга ошириш вақтида ички ишлар органларининг, шунингдек ИИВ ва ДБҚнинг кинология бўлинмалари ходимлари томонидан;

идентификация рақамли металл жетони, фарқлаш белгилари ва идоравий рамзлар акс этган махсус жилетларни – Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари ва инспекторлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида.

Мазкур тартиб 2020 йилнинг 1 январгача босқичма-босқич жорий этилади.

7. Ҳукумат қарори (566-сон, 09.07.2019 й.) билан Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган шахслардир.

Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра 1 ойдан 12 ойгача муддатга, меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар берилади.

Гувоҳномада кўрсатилган давр пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига киритилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга банклардан Бандликка кўмаклашиш жамғармалари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар ажратилади.

8. Ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори  қабул қилинди                                            (577-сон, 12.07.2019 й.).

Қарор билан Умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, психологик хизмат ўқувчиларнинг қобилияти, лаёқати, қизиқишлари ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида тўғри касб-ҳунар танлашларига кўмаклашади.

Таълим муассасаларида психолог кадрлар учун ҳафтасига 36 соатли иш тартиби жорий этилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (596-сон, 17.07.2019 й.)

Қарорга мувофиқ, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва махсус унвонга эга ходимларига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспортларни сотиб олишга имтиёзли кредитлар берилади.

Унга кўра, йилига 300 тагача автотранспорт сотиб олиш учун қуйидаги шартларда имтиёзли кредит берилади:

кредит муддати – 5 йилгача;

дастлабки бадал – автотранспорт қийматининг 20 фоизи миқдорида;

кредит фоиз ставкаси – Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг плюс 2 фоиз миқдорида;

кредит бўйича таъминот – сотиб олинадиган автотранспорт гаровга қўйилади.

Бахрам Сейтназаров Нукус шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси

Бўлимлар