Ўн бешта достонни ёд олган Саламат

«Танловга саҳра булбули ҳам келди. У куйлаганда, Венгрия қуёши булутлар орасига яшириниб, самодан томчилар тушди. Гарчи булбул ўз она тилида қўшиқ ижро этмасин, сознинг сеҳрини қарангки, куйни таржимонсиз тушундик. У муҳаббат, дард, изтироб, орзу ҳақида эди. Саҳро булбулининг бу маҳоратини ҳакамлар бир овоздан олий ўринга муносиб топди»…

Савол: Венгриянинг «Магйар хирл» газетаси ёзган Булбул ким? Қўшиқни таржимонсиз тушунтирган истеъдод уруғи қаерда ўниб чиққан? Уни қайси боғбон  тарбиялади экан?..

«Орзулар сари кузатган йўллар»

Бу ўрта ҳол оиланинг кўзга кўрингудек буюми йўқ эди. Девордаги эски гиламга илинган соз асбоби уйга кўрк берарди холос. Ўша қийин даврларда қўбиз, дутор, чанқобиз анқонинг уруғи бўлиб, саноғли кишида бор эди. Отаниёз ота туғилажак неварасининг тақдирини олдиндан билгандек, чолғу асбобини ҳеч кимга сотмади. Невараси қўл-оёқда турмай йиғлаётганда қўбиз чалиб юпатди. Ўшанда Cаламатнинг ҳаётига қўбиз наволари «кирди». Санъатга ташна қалб доим мусиқани дейди. Шу боис Саламат Аяповнинг мактабда мусиқа дарсини яхши кўриши, устози Турғонбой Отамуродовга соатлаб қўшиқ айтиб бериши бежиз эмас.

Қўнғирот темир йўл вокзали ёш жировнинг болалик, ёшлик онлари гувоҳи. Уни орзулари томон кузатиб қўйган ҳам шу йўллар. Саламат Қорақалпоқ давлат университети талабаси бўлиш истаги билан темир йўлларда Нукусга келди. Поезд қўбиз, дутор торига тушиб, шаҳдам ва тез уни манзилига кузатарди.

  • Талабалик — олтин давр. Бу теран билим олиш, тинимсиз изланишга қиёслаб айтилган гап, — дейди у. — Истеъдод шу даврда «улғаяди», уни билим улғайтиради. Қурбанбой Заретдинов, Ортиқбой Ережепов каби устозларимдан санъат сирларини ўргандим. Уларнинг қўлимга тутқазган билим машъали катта саҳналарга мени олиб чиқди.

Санъат дунёсида яшаш осон эмас. Саламат бу оламда турли инсонларни учратди. Улар орасида омади чопган ёки омадсиз кишилар ҳам бор. Бир куни устози Қурбонбой жировдан омадининг сирини сўради. У киши «қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг шаҳди менга омад олиб келади», деди. Негадир, бу гап ёш жировнинг хаёлига муҳрдек босилди. Энди муваффақиятларини бирма бир таҳлил қилса, уларнинг илдизида шу пурмаъно гап ётгандек бўлаверади: «ижодкорда қишлоқнинг қплби, шаҳарнинг шаҳди бўлиши керак».

Ёш жиров 2008 йилда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг Республика танловида 1-ўринни эгаллади. Башқурстонда ўтказилган «Урал моно — 2012» фестивалида катнашиб, халқимизнинг жировчилик санъатини намойиш этди. 2013 йилда «Шарқ тароналари» IX халкаро мусиқа фестивалида «Энг яхши миллийлик» йўналишида диплом билан тақдирланди. 2014 йилда бўлса Туркманистонда ташкил этилган «Аваза — қўшиқ, соз ва фольклор» фестивалида ғолиб бўлди.

—Жировчилик энг мураккаб ва таъсирчан санъат тури, — дейди устози Ортиқбой Ережепов. — Жиров овозни қўбиз навосига солиб, ингичка, аммо аччиқ, қайғули тарзда қўшиқ ижро этади. Бу қиссахонларнинг достон айтишига ўхшаб кетади. Ундан фарқли ўлароқ, жировлар товуш, овозни бир маромда ушлайди. Бундай қобилият камдан-кам кишига насиб этади. Саламатнинг насибаси бор экан, жиров бўлиш тақдирига битилди. Шогирдим бундай истеъдодни қадрласа қадр топади.

Халқимизда тақдирига жиров бўлиш ёзилган одам, бу йўлни танламаса кўр бўлармиш, деган гаплар бор. Қадимда бобамиз Қўрқит одамларнинг чанқоғини қўбиз навоси билан қондирган, силласи қуриган кишиларга куч берган. Умрининг охирида у қўбизини бир кишига берган. У киши қўбиз чалиб, қўшиқ айтмагани боис кўзларидан айрилган. Бундан кўринадики, қўбиз дилларга малҳам, қалбларга гиёҳ бўлган чолғу асбобидир. Саламат қўлига қўбиз ушлаб, достонни бошлашга чоғланганда доим Қўрқит бобани эслаб, «ўзинг қўлла, бобажон» деб айтишни канда қилмайди.

—Қўбизда достонлар ижро этилади. Ўн бешта достонни ёд олганман. «Эдиге», «Қирқ қиз», «Гўрўғли» достонларини севиб куйлайман. Негадир, «Гўрўғли»ни айтсам, кўзимга ёш келади, «Эдиге»да доим ёмғир ёғади. Бу достонларнинг ҳақиқат, тарих эканини англатади, — дейди қаҳрамонимиз.

Ҳа, Саламат катта, кичик саҳналарга чиқди. Гоҳида куй, мусиқа, ижронинг жозибаси, жунунини тушунадиган санъатга ҳурмати баланд инсонларни кўриб қувонса, баъзан ҳиссиз, беътибор томошавинлардан ранжийди. Шундай пайтда устози кўп айтадиган «санъатни тушунмаслик ўзини англамасликдир» деган гаплари ёдига тушади. Ўзларини  англашида уларга куй, қўшиқ орқали ёрдам беришни хоҳлайди.

Санъатни севган ошиқнинг табиати қизиқ. Улар қизиқувчан бўлади. Қаҳрамонимиз тарихий мавзулардаги бадиий китоблар мутоаласига қизиқади, спорт билан шуғулланади. Ҳозир у «Жировлар чажараси» номли китоб ёзаяпти.   Саламат  миллий меросимизни дунёга, келажакка «етказишни» мақсади деб билади.

Энди Венгриянинг «Магйар хирл» газетаси ёзган Саҳро булбули, унинг сайраётган боғи, уни тарбиялаётган боғбонлари маълум. Саламат она заминимизда яхши инсонлар тарбиясини  кўриб, булбул бўлиб сайраяпти.

Қумар БЕГНИЯЗОВА,
«Turkiston» мухбири 

Манба: KR24.uz 

Бўлимлар