UzAuto Motors арзонлашган нархдаги янгиланган Malibu моделини тақдим этди

UzAuto Motors компанияси 1,5 литр Turbo двигателли янгиланган Malibu Facelift автомобили савдоси бошланаётганини маълум қилди.

Янгиланган, кўпчиликнинг кўнглидан жой олган Malibu, Ўзбекистон бозорида Malibu 2,5 литр ўрнини эгаллайди ҳамда унинг янги технологик ва тежамкор (30 фоиз) давомчиси бўлади.

Олдузатмали автомобиль аввалгисидан 100 килограммга енгил эканлигига қарамай, унинг узунлигига тахминан 12 сантиметр қўшилган. Бундай натижага унинг 1,5 литрли 160 от кучига эга турбомотори сабабли эришилган.

Таъкидланишича, ушбу моделнинг нархи аввалгисидан 5 миллион сўмга арзон ва у иссиқ иқлимли мамлакатлар учун айни муддао саналади. Янгиланган моделнинг ранглар палитраси ҳам кенг доирада тақдим этилган.

Шунингдек, янгиланган Facelift Malibu Turbo 2 литр автомобилининг ҳам савдоси йўлга қўйилган. Ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошланади.

«Харидорларга шуни маълум қиламизки, ҳозирги вақтда Malibu 2,5 литр автомобили жуда оз миқдорда чегараланган ранглар палитрасида қолган ва ушбу моделни ишлаб чиқариш тўхтатилмоқда», — дейилади компания хабарида.

Бўлимлар