Қорақалпоғистонга йил давомида қанча хорижий инвестиция жалб қилинади?

Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йил учун ҳудудий дастурга киритилган 31та лойиҳа асосида йил давомида 256,7млн доллар, 1 августгача 118 млн доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган эди. Ўтган вақт мобайнида ҳудуд бўйича ўзлаштирилган хорижийинвестициялар миқдори 161,1 млн долларни ташкил қилиб, белгиланган режа миқдори 137 фоизга ортиғи билан бажарилган.

Хусусан, Қораўзак туманида “Қаратау цемент” заводи қурилишига 38 млн доллар, Беруний туманидаги “Беруний гигант азия цемент” заводи қурилишига 50 млн доллар, Нукус шаҳридаги ферула ўсимлигини қайта ишлаш ва доривор ўсимликларни ўрганиш бўйича лаборатория қурилишига 10 млн долларлик хорижий инвестициялар киритилган.

 

Ҳозирги кунда ҳудудга киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини янада ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Яъни, кореялик инвесторлар билан жами 401,5 млн долларлик, хитойлик инвесторлар билан жами 195 млн долларлик ҳамда бошқа давлатлардан келаётган инвесторлар билан ҳам ҳамкорликда турли соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

 

2019 йилнинг 9 ойи якуни билан юқоридаги лойиҳалар ҳисобидан 204 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 12 август куни ўтказилган селектор мажлисида берилган топшириқларга мувофиқ, 2019 йил якуни билан ҳудудга киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини 30 фоизга ошириш, яъни 333,7 млн долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниши режа қилинган.

 

Йил якунига қадар белгиланган лойиҳалар ҳисобидан 256,7 млн долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда белгиланган прогноз кўрсаткичини бажариш мақсадида қўшимча лойиҳалар ҳисобидан 77 млн долларлик хорижий инвестицияларни киритиш талаб қилинмоқда.

Е.Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар