1 сентябрдан нималар ўзгаради?

Сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда янги телеканал иш бошлайди, эркаклар ва аёллар никоҳ ёши тенглаштирилади, хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгаради ва бир қатор соҳаларда ўзгаришлар юз беради, дея ёзмоқда "Togri.uz" нашри.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари хусусийлаштирилади

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида сотилади.

Қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича ходимлар чет элда ўқитилади

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича ходимлар "Эл-юрт умиди" жамғармаси ҳисобидан хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқитиш ва малака ошириш учун юборилади. Таҳсил олаётган иқтидорли бакалавр талабаларнинг хорижий олий таълим муассасасидаги тўлов контракти тўлаб берилади.

Хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгаради

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистоннинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади ҳамда гувоҳнома эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

"Темурбеклар мактаби" ходимларининг ойлик маоши ошади

“Темурбеклар мактаби” ходимларининг ойлик маоши:

  • директор ва унинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ўқув бўлими ходимлари учун — 5 баробар; 
  • тўгарак (секция) раҳбарлари ва психологлари учун — 3 баробар; 
  • ахборот-ресурс маркази (кутубхона), ахборотлаштириш ва алоқа бўлинмалари ходимлари, инструкторлар ва лаборантлар учун — 2 баробар миқдорда оширилади.

Шунингдек, “Темурбеклар мактаби”да хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотига уларнинг лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ўзгаради

Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идораси орқали тақдим этилган талабномага асосан киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади.

Давлат ва нодавлат таълим муассасалари давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби белгиланади

Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ходимларига ойлик устама ҳақи тўланади

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.

Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига янги тушунчалар қўлланилади

Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига: 

  • 577 170 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори; 
  • 223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори; 
  • 223 000 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маоши оширилади

Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Аёллар учун никоҳ ёши ўзгаради

Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши бир хилда ўн саккиз ёш этиб белгиланади.

Товар белгиси рўйхатдан ўтказиладиган талабномалар электрон шаклда топширилади

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.

Янги телеканал ишга тушади 

"O‘zbekiston tarixi" телеканали ўз фаолиятини бошлайди.

Бўлимлар