Қонликўлда бир кунда 4 та объект фойдаланишга топширилди

Жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида Қонликўл туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилиб, бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг баённомалари қабул қилинган эди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида туман улкан қурилиш майдонига айланиб, бугун бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

29 август куни туман тиббиёт бирлашмасининг қўшимча, янгидан барпо этилган поликлиника биноси, барча шароитларга эга туман давлат санитария-эпидемиология маркази биноси, қайта таъмирлашдан чиққан 1-сонли ҳамда 18-сонли умумтаълим мактаблари фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда сўзга чиққанлар бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча жойлари қатори Қонликўл туманида ҳам олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида айтиб, мазкур ижтимоий объектларининг туман аҳолиси соғлигини сақлаш ва ёш авлодни билимли қилиб тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этадиганлигини таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 1 июнь куни туманда янгидан барпо этилган, минг ўринга мўлжалланган “Жайҳун” стадиони фойдаланишга топширилган эди. Шунингдек, бугунги кунда туманда Давлат хизматлар маркази, “Ёшлар маркази”, Маданият бўлими, 2 та болалар боғчасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли турар жой ва халқга хизмат кўрсатиш иморатлари ҳам қурилмоқда.

Бўлимлар