Қорақалпоғистонлик Олий мажлис депутатининг байрам табриги

Мустақиллик – улуғ неъмат. Мустақиллик куни – халқимизни жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиш бахтига муяссар қилган энг азиз байрам. Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистонда истиқлолнинг 28 йиллигини нишонлаш тадбирлари аллақачон бошланиб кетгани эртанги кундан кўнгил тўқлигининг ифодасидир. Бундай пайтларда босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, қисқа даврда эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадга мувофиқдир.

            Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилик ва демократик жамият пойдевори янада мустаҳкамланаётгани, чегаралар дахлсизлиги таъминланиб, тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётгани, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити қарор топгани одамларга янада кўтаринки кайфият бағишламоқда. Юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, айём муносабати фойдаланишга топширилаётган иншоотлар, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига кўзингиз тушади. 

            Истиқлол тантаналари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қизғин давом этмоқда. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашсангиз, “Президентимизнинг Оролбўйи минтақасига ҳар бир келиши биз учун байрам аслида, мустақиллик куни арафасидаги ташрифи эса қўшалоқ байрам бўлди”, деган самимий фикрларни эшитасиз. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари бу галги сафари чоғида Қонликўл туманида амалга оширилаётган қурилиш ва йирик лойиҳаларнинг фаолияти билан яқиндан танишгани, туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар бергани чиндан-да бунёдкорлик байрамидир. 

            Юртбошимизнинг доимий ғамхўрлиги туфайли Қонликўлнинг иқтисодий кўрсаткичлари тобора яхшиланиб бормоқда. Буни саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 101,9 фоиз, халқ исътемол молларини ишлаб чиқариш 100,8 фоиз, қурилиш ишлари 112,0 фоиз, чакана савдо айланмаси 107,7 фоиз ва экспорт ҳажми 195,3 фоизга бажарилганида ҳам кўриш мумкин. Ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар асосида бўш турган объектларни бизнес субъектларига бериш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам илдам қадамлар қўйилаётгани ана шу ғамхўрлик самарасидир.

            Биргина туманда жорий йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан давлатга тегишли 4 та объект электрон аукцион савдолари орқали сотилгани бежиз эмас. Инвестиция дастурига асосан жорий йилнинг ўзида жами 14,4 млрд сўмлик 12 та объектни қуриш ва таъмирлаш белгиланган.

            Республиканинг яна бир чекка ҳудуди – Қўнғирот туманида ҳам кейинги йилларда мақтаса арзигулик ишлар амалга оширилди. Биргина “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Қорақалпоғистон” посёлкасида жами 43,5 млрд сўмлик қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилгани айтишга осон, холос. Кўп қаватли уйлар, ички автомобиль йўллари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт ва спорт муассасалари, корхона ва бинолар қайтадан таъмирлангани ҳам байрам байрамга уланганидан далолат, назаримизда. Эътибор қилинг: Қўнғирот туманида қисқа вақт ичида 11 та ижтимоий соҳа объектида жами қиймати 9,7 млрд. сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Барча соҳа ва тармоқлардаги ўзгаришлар қўшиб ҳисобланганда ушбу рақам қанчалик йириклашишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Мўйноқнинг бугунги ҳолатини туманнинг икки йил аввалги аҳволи билан умуман солиштириб бўлмайди. Менга қолса, ислоҳотларнинг янги босқичи айнан Мўйноқдан старт олди, деган бўлардим. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари вазифасини бажаришга киришиши билан Мўйноққа келган ва ҳозир сиз билан биз кўриб турган ўзгаришларнинг таъмал тошини қўйиб берган эди. Шундай азму шижоат негизида қанча вақтлардан буён глобал экологик вазият гирдобида қолган Мўйноқнинг иккинчи умри бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан  сўнг бу  юртда  яшаётган  инсонларнинг  кўкракларига шамол тегиб, умид кўртаклари пайдо бўлди. Мазкур ҳудудни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш,  аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиш бўйича ишлар борган сари жадаллашмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилганини ҳам қайд этиш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани, энг муҳими, денгизнинг қуриган тубида кўз илғамас кенгликликларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилаётгани асрларга татигулик ишлар, десак муболаға бўлмайди.

Мўйноқда, шунингдек давлат хизматлари маркази, амфитеатр, бассейн, спорт зали, мусиқа ва санъат мактаби, тиббиёт маскани ва бошқа объектлар билан бирга аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган қаватли уй-жойлар қад кўтармоқда. Хуллас, Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса Мўйноққа келиб кўрсин.

 

Зафар ХАНИЯЗОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

Бўлимлар