Қорақалпоғистон Республикасида Бўзатов тумани расман ташкил этилди

"KRuz.uz"га берилган маълумотга қараганда Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ХХVII сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг махсус қарори қабул қилинди. Қуйида қарор матни билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг

Қ А Р О Р И

Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманининг “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Еркиндарья”, “Қусқанатов”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғинининг мурожаатлари, халқ депутатлари Кегейли ҳамда Чимбой туман Кенгашларининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли фуқаролар йиғинлари ҳудудларини бирлаштириб Бўзатов туманини тузиш тўғрисида берилган таклифини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 67 моддаси, “Қорақалпоғистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 1-моддаси, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 7-моддаси ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Регламенти тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 49-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И :

1. Қорақалпоғистон Республикасининг таркибида Бўзатов туманини тузиш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифи мақулланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманини тузишга розилик берилганлиги ҳисобга олинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Қусқанатов”, “Еркиндарья”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудлари бирлаштирилиб, умумий майдони 2035,44 кв. км. бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани тузилсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманининг маъмурий маркази этиб “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини белгилансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли, Чимбой ва Бўзатов туманларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тақдим этилган чизмага мувофиқ тасдиқлансин (илова қилинади).

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига:

Бўзатов тумани тузилиши билан боғлиқ туман ҳокимлиги тузилмасини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг туман бўлимларини ташкил этиш фаолиятини олиб бориш;

туман ҳудудидаги барча ижтимоий муассасаларнинг ҳозирги аҳволи ҳар томонлама хатловдан ўтказилиб камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харита”сини тайёрлаш;

қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат ва бошқа иқтисодиёт тармоқ ва соҳалари  аҳволи танқидий ўрганилиб Бўзатов туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш Дастурини ишлаб чиқиш ва зарур бўлган маблағлар ҳажми ҳамда унинг манбалари бўйича аниқ таклифлар бериш;

Бўзатов тумани марказини Бош лойиҳа асосида қайта реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича таклифларини ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши топширилсин.

6. Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Қусқанатов”, “Еркиндарья”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудларида жойлашган сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Кегейли ва Чимбой туман Кенгашларининг депутатлари – халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг депутатлари бўлиб ҳисобланиши белгилансин.

7. Халқ депутатлари Кегейли, Чимбой ва Бўзатов туман Кенгашларига сайлов округларини тузиш ва депутатлар сайловини ўтказиш чораларини кўриш топширилсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманини тарқатиш тўғрисида”ги 2004 йил 26 феврал кунги 561-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Қарорнинг ижросини таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Хамраев зиммасига юклатилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов     

Бўлимлар