Наримон Умаровнинг ишончли вакили қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашмоқда

Мамлакатимизнинг барча жойларидаги каби Қорақалпоғистон бўйлаб ҳам Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси ўринбосари Рауаж Отарбаевнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Ишончли вакил томонидан иштирокчиларга номзод тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ ҳавола қилиниб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Н.Умаровнинг кўп йиллар мобайнида давлат бошқаруви органларида ҳамда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида фаолият юритиб келаётганлиги таъкидлаб ўтилмоқда.

Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилаётганидек, партия томонидан кўрсатилган номзод Конституция ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда белгиланган барча талаб ва сифатларга ҳар томонлама муносибдир.

Учрашувларда номзоднинг ишончли вакили иштирокчиларга номзоднинг сайловолди дастурини ёритиб экан, энг аввало номзодга билдирилган ишончни партияга билдирилган ишонч деб, қабул қилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқда.

Амударё туманидаги Манғит қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи, Беруний туманидаги қишлоқ ва сўв хўжалиги касб-ҳунар коллежи, Тўрткўл Банк коллежи ва Элликқалъа туманидаги санъат ва педагогика касб-ҳунар коллежларида ушбу туманлар сайловчилари билан ўтказилган учрашувларда сайловчилар томонидан номзод дастурида илгари сурилган мақсад ва ғояларнинг маҳаллий аҳоли ҳаёт тарзидаги аҳамиятли жиҳатлари сўзга чиқувчилар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мўйноқ туман Маиший ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунари коллежи ўқитувчиси Б.Жамалова номзод дастури юзасидан сўз олар экан, айниқса, унда фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига таянадиган, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимини ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлигини кучайтиришга доир белгиланган вазифалар ҳам айнан бугунги кун талабларидан келиб чиққанлиги билан аҳамиятли эканлигини алоҳида таъкидлади.

“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати

Бўлимлар