Бўзатов туман кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди

14 сентябрь куни халқ депутатлари Бўзатов туман кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида халқ депутатлари Бўзатов туман кенгашининг депутатлари, муассаса, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, тадбиркорлар иштирок этди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни Бўзатовнинг алоҳида туман сифатида қайта ташкил этилганлиги ва туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг қамровли эзгу ишларнинг бошланганлиги билан самимий табриклади.

Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимизнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида туманни қайта ташкил этиш бўйича бир қатор аҳамиятли вазифаларнинг белгилаб берилганлигини, шунингдек, Қорақалпоғистонни янада ривожлантириш бўйича 5 та асосий вазифага алоҳида эътибор қаратилганлигини, ўз навбатида бу эзгу ишлар Бўзатов туманин ҳам четлаб ўтмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, Бўзатов тумани 2004 йили Кегейли ва Чимбой туманларига бириктирилган эди. Эндиликда туманни қайта ташкил этиш орқали ҳудудда маҳаллий аҳолининг ижтимоий яшаш шароитларини яхшилаш, ҳудуднинг инфратузилмасини яхши йўлга қўйиш, чорвачиликни, тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари яратилмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида Бўзатов туманини қайта ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатасининг розилиги олинди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, туманда 4 та сектор фаолиятини йўлга қўйиш, тиббиёт, мактабгача таълим, халқ таълими, маданият, спорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг туман бўлимларини тузиш бўйича ишлар олиб борилди.

Ҳозирги кунда туманни комплекс ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқга табиий газ етказиб бериш учун янгидан автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциясини қуриш, “Аспантай” ва “Еркиндарья” каналларини реконструкциялаш ҳамда насос агрегатларини ўрнатиш, туман марказини ободонлаштириш, мухандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий объектларни қуриш сингари бир қатор аҳамиятли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Республикамиз раҳбари ана шундай кенг кўламли ишларни натижали амалга оширишда ўзининг теран билими, ташкилотчилик салоҳияти билан ажралиб турувчи кадрлар ўрганиб чиқилганлигини айтиб ўтди ҳамда Бўзатов тумани ҳокими лавозимига шу пайтгача Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Қайпанов Махмуд Тенгеловичнинг номзодини тавсия қилди. Тавсия қилинган номзодни қўллаб-қувватлаб 55-сонли “Бозатаў” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати Ш.Уснатдинов, “Ерикбағ” сайлов округидан туман кенгаши депутати А.Ерназаров ҳамда “Қазанкеткен” сайлов округидан депутат И.Палыбекова cўзга чиқдилар.

Сессияда Қайпанов Махмуд Тенгелович Бўзатов тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Бундан сўнг Бўзатов тумани ҳокими М.Қайпанов сўзга чиқиб, ўзига билдирилаётган юксак ишончни оқлашга ва бор билим, тажрибасини туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга сафарбар қилишга тайёр эканлигини билдирди.

http://www.parliamentrk.gov.uz

 

Бўлимлар