Танзила Норбоева: блогер ва журналистлар кўтарган муаммоларни ҳал қилиш тизимини ишлаб чиқишимиз керак

14 сентябрь куни Сенат биносида сенаторлар ва депутатлар иштирокида қўшма йиғилиш ўтказилди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари холис ахборот тарқатишда ОАВ ходимларининг ўрни, этикаси, билими ҳақида фикр билдиришди. Сенат раиси Танзила Норбоева давлат органлари ва ОАВ самарали фаолият олиб боришида янги ташкил этилган жамоатчилик кенгаши аҳамияти ҳақида гапирди.

“Жамоатчилик кенгаши биз учун янги йўналиш. ОАВда ёритилаётган давлат идоралари ходимлари билан боғлиқ бўлаётган нохуш вазиятлар кўпаймаслиги учун давлат органларини журналистлар билан самарали ишлашга ўргатиш керак. Шу билан бир қаторда, ёш журналистлар, блогерларнинг малакасини ошириш, ўқитиш механизмини яратишимиз лозим. Улар орқали кўтарилаётган муаммоларни ҳал қилиб бориш тизимини ҳам ишлаб чиқишимиз зарур. Президент халқ билан мулоқот қилиб, муаммоларни аниқлаш, шунга қаратилган чора-тадбирларни манзилли ишлаб чиқиш кераклигини уч йилдан бери доимий таъкидлаб келяпти. Лекин биз ҳали бунга етиб келганимиз йўқ. Биринчи кўмакчиларимиз шу блогер ва журналистларимиз бўлади. Буларнинг тажрибасини қўллаш механизмини такомиллаштириш керак, деб ўйлайман. Янги ташкил этилган жамоатчилик кенгаши мана шу вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратади”. 

Норбоевага кўра, ҳозирги кунда ОАВ ва давлат идоралари ўртасида кўприкнинг йўқлиги ахборотларни олиш ва тарқатишда нохолисликлар бўлишига олиб келяпти. Бундай вазиятларнинг олдини олиш ҳамда давлат ва халқ ўртасида соғлом ахборот алмашинувини юзага келтириш учун жамоатчилик кенгашининг аҳамияти ниҳоятда катта.

Бўлимлар