Қорақалпоғистонлик Жалғасбай Бердимуратов Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

Сир эмас, бугун буткул дунё спортчиларининг диққат-эътибори келгуси йили Токио (Япония) шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига қаратилган. Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақасида иштирок этишни ният қилган мамлакатимиз спортчилари ҳам Олимпия йўлланмасини берувчи қатор халқаро турнирларда иштирок этмоқда.

Айни пайтда Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳрида ўтказилаётган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши мусобақасида гиламга чиққан ҳамюртимиз, Бердоқ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 4-босқич талабаси Жалғасбай Бердимуратов (-77 кг) дастлаб украиналик Володимир Яковлиев, кейин литвалик Паулиус Галкинас ва мусобақа мезбони Асхат Дилмуҳаммедов устидан ғалаба қозониб, бронза медали ҳамда Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.  Бу хушхабар барча юртдошларимизни қувонтирди.

Ҳозирда давлатимиз раҳбари томонидан спортчиларимизнинг Олимпиадага тайёргарлигини кучайтиришга, уларнинг оилавий шароитидан тортиб, Олимпия ўйинларида иштирок этиш билан боғлиқ барча муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Спортчимиз Ж.Бердимуратовнинг оилавий шароитини яхшилаш, палвонимизнинг олимпия ўйинларида муносиб тарзда иштирок этиш йўлидаги эзгу ишлар ҳам бошланиб кетди. Яъни, “Бахыт-Миратдин” МЧЖнинг қўли гул қурувчилари спортчимизнинг уйида қайта таъмирлаш ишларини бошлаб юборди.

Шу кунгача Осиё чемпионати ва бир қатар халқаро турнирларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган палвонимизнинг Токио Олимпиадасида ҳам яхши натижаларга эришишига ишонамиз.

Бўлимлар