Тўйлар бўйича комиссия раиси: «Дабдабали тўй қилаётганларга жиноий жавобгарлик кор қилмаслиги мумкин. Уларни халқ олдида шарманда қилиш керак»

«Жавобгарлик, албатта, белгиланади ва бу 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради».

Бугун, 20 сентябрь куни, Олий Мажлис Сенатида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарор ижроси таъминлаш бўйича тузилган комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев қарор талабларини бузганлик учун белгиланадиган жавобгарлик хусусида гапирди.  

«Жавобгарлик масаласи, жарима миқдори қанча бўлиши ҳақида аниқ тўхтамга келингани йўқ. Кодексга ўзгартириш киритиш ва яна бошқа ташкилий ишлар бор.

Биринчи навбатда, қарорнинг мазмун-моҳиятини жойларга етказиш керак. Адлия вазирлигининг энг қуйи бўлимларигача бу қарор жўнатилган. Жавобгарлик, албатта, белгиланади ва бу 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради. Балки, жарима белгиланар, балки бошқа турдаги жавобгарликка тортилар», – деган Мелиевнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

 

Комиссия раиси Иқбол Мирзо ҳам жавобгарлик масаласида ўз муносабатини билдирди. Унинг айтишича, жойларда бу мавзу юзасидан савол берилганда қонунчиликдаги энг юқори жарима миқдори кўзда тутилаётганлигини айтиш лозим.

«Дабдабали тўй қилаётганларга маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қўллаш унчалик фойда бермаслиги мумкин. Уларни ОАВ орқали кўрсатиб, бутун халқ олдида шарманда қилиш керак», деди Иқбол Мирзо.

Бўлимлар