Қорақалпоғистонда “Маънавият фестивали” ўтказилди

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамкорлигида жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари  қорақалпоқ ва ўзбек халқи маънавий-маданий меросининг ўзига хос хусусиятлари, муштарак жиҳатлари, маърифий аҳамиятини ёритиш ҳамда аҳоли ўртасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган долзарб ислоҳотларнинг, бунёдкорлик ишларининг мазмун моҳиятини тарғиб этиш, ички туризмни ривожлантириш, замонавий технологик воситалардан самарали фойдаланган ҳолда миллий қадриятлар, тарихий обидалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш мақсадида“Маънавият фестивали” ўтказилди.

 

Фестиваль 18 сентябрь куни Нукус шаҳрида қад кўтарган Бердақ Ғарғабай ўғли ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетида “Маънавият ва маърифат ҳамда таълим-тарбия уйғунлиги” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил қилинди. Ушбу жараёнда “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий аъзоларига гувоҳнома ва аъзолик кўкрак нишони  топшириш маросими бўлиб ўтди. Халқ севган санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш қилинди.

Фестивалнинг дастлабки кун иккинчи қисмида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус горнизони “Маънавият ва маърифат маркази”да “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг оила аъзолари билан таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маърифий учрашув ташкил қилинди. Шунингдек, фестивал иштирокчилари учун И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейига саёҳат уюштирилди. Саёҳат жараёнида “Маърифат тур” лойихаси доирасида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейига саёхат ва “Қорақалпоғистонда бугунги туризм” мавзусида учрашув ўтказилди.


 

Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида драматург Б.Айтмуратовнинг “Мойнақта бахыттың таңлары атты” (“Мўйноқда бахтнинг тонглари отди”) спектакли намойиш этилди.

Фестивалнинг иккинчи кунида Хўжайли туманидаги 2-сонли Меҳрибонлик уйида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида “Болаларга маърифат улашиб” акцияси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида фестивал иштирокчилари Мўйноқ туманида жойлашган “Мўйноқ тумани экология музейи” ва  “Кемалар қабристони”га саёҳат уюштиришди. Мўйноқ тумани маданият марказида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адиблар ва ёшлар иштирокида “Маданият Мўйноқдан бошланади” шиори остида “5та муҳим ташаббус – 5 та имконият” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Мазкур тадбир доирасида китоб ярмаркаси ва янги китоблар, расмлар кўргазмаси, жумладан,қорақалпоқ фольклорининг 100 томлиги кўргазмалари, миллий либослар кўргазмаси ҳамда фестивалнинг якуний концерт дастури ташкил этилди. Фестиваль иштирокчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоқ миллатининг ўзига хос анъана ва қадриятлари, ижтимоий ҳаёт тарзини иштирокчиларга кенг намойиш қила олган мазкур “Маънавият фестивали” барча қатнашувчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, фестиваль доирасида "Фаол фуқаро" дебат клуби аъзолари учун ўқув-семинари ва дебат бўйича турнирнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Бўлимлар