Сурғил кони ва Устюрт газ-кимё мажмуаси: +50 ва -30 даража ҳаво ҳароратидаги иш жараёни

Жорий йилнинг 22-25 сентябрь кунларида Энергетика вазирлиги ташаббуси ва қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида хорижий етакчи мухбирлар ва миллий ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирилди. Республикамизнинг энг чекка нуқталаридан бири бўлган Устюрт платоларидан бошланиб, энг саноатлашган шаҳар – Навоийда якунига етган бу лойиҳа натижасида Ўзбекистон энергетика салоҳияти ва кимё саноати билан яна бир бор танишиш имкониятига эга бўлдик.

Қорақалпоғистонга ташриф буюрганларнинг аксарияти албатта Мўйноққа кириб ўтади. Бу масканга етиб боришимиз ҳам ўзига хос бўлди. Тошкентдан учган самолёт Нукусга яқинлашганда турбулент оқимларга дуч келди ва кўпчиликнинг юрагига ғулғула солди. Амаллаб қўниб олгандан кейин Қўнғирот туманига қадар автобусда 2 соатдан ортиқ йўл босдик. Ўша ерда йўлтанламас машиналарга ўтирдик ва Мўйноқ сари равона бўлдик. Бу манзилга ҳам тахминан бир соатда етиб борилди.

 

Яқин-яқингача ҳам тушкунлик қамраб олган бу туман бугун чиндан ҳам янгитдан қад ростламоқда. Равон йўллар, замонавий бинолар, мактаб ва боғчалар катта эътибор ва маблағ ажратилганининг намунаси бўлса, янгитдан қурилаётган аэропорт бу ҳудуднинг келажакдаги салоҳиятидан дарак беради. Бурчак-бурчакларда учраб қоладиган эски уйлар яқин ўтмишдаги аҳволдан сўзлайди. Лекин Орол фожиасига кўникиш билан бирга, айнан мана шу вазиятда ҳам ҳаётни давом эттириш, камига сайёҳларни жалб қила олишга қойил қолмай илож йўқ. Чиндан ҳам, Мўйноқнинг биқинида жойлашган, бир вақтлар Оролнинг тўлқинлар сапчиб урилган қирғоғи бўлган, ҳозир «Кемалар қабристони» деб аталадиган музей-қўриқхона доим туристлар билан гавжум.

 

Бизнинг мақсадимиз газ конларига етиб бориш бўлгани сабабли Мўйноқда қисқа муддат бўлиб, яна йўлга тушдик ва йўлтанламас машиналар нима учун кераклигини бутун танамиз билан ҳис қилдик. Бир соатдан ортиқроқ масофадан сўнг Ўзбекистоннинг газ қазиб олиш саноатида муҳим ўрин тутган, иш ҳажмини тобора ошириб бораётган маскан – Сурғил конига етиб бордик.

Европанинг етакчи ахборот агентликлари ва нашрлари –«Reuters», «Le Figaro», «Chatham House», «Argus Media», «Nuclear Intelligence», «Energy Intelligence», «Upstream», «World Nuclear News», «IntelliNews»,  Озарбойжоннинг «Trend-Азия» каби ОАВ вакиллари ҳам бу масофаларни ҳамма каби сабот билан енгиб ўтишди.

 

Бу ҳудудда бир неча юз метр оралиқда қудуқлар ёнма-ён жойлашган, яна янгилари бурғиланишда давом этмоқда. Бурғилаш жараёнида турли миллат вакиллари иштирок этишади. Аммо асосий ишчилар ўз ватандошларимиздир. Уларнинг аксарияти 15 кун иш, 15 кун дам олиш услубида ишлашади. Ётоқ жойлар, махсус кийимлар, уч маҳал овқат билан тўла таъминланишган.

Аммо уларнинг иши бир қарашда осон ва барча шароит мукаммалдай туйилади. Қишдаги -30 даражагача аёзли изғиринда, ёз чилласидаги ҳароратнинг 50 даражадан ошишида чидаб ишлашнинг ўзи бўлмайди. Шу саволни ишчиларга берганимизда оддий ва тушунарли жавоб олдик: «Одамлар бола-чақасидан узоқда, Россияларда ҳам ишлаб юришибдику. Бизнинг ишимиз, егулигимиз, ётоғимиз ва энг муҳими оладиган маошимиз тайин. Ўз юртимиздамиз, ойнинг камида 10 куни оиламиз ёнидамиз, қийинчиликка чидаймизда».

 

«Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси томонидан эълон қилинган тендер натижаларига кўра бурғилаш ишларини олиб бориш ҳуқуқи «ERIELL» гуруҳига берилган. Тендер якунига биноан битта 35та, битта 50та қудуқларни бурғилаш ва тўлиқ ишга тушириш, 100та амалдаги қудуқларни мукаммал таъмирлаш бўйича шартномалар имзоланган.

Кондаги бурғилаш ишлари ва амалдаги қудуқларни тозалаш жараёнлари жадал кетмоқда ва кўп жиҳатдан шартномалардаги муддатлардан олдинда борилмоқда. Бир қарашда 2950 метр чуқурликка етиб бориш қийиндек туйилади. Аммо бурғиловчи мутахассисларнинг маълум қилишларича, бир иш куни, узоғи 12 соат ичида 2000 метрли масофа забт этилади. Ҳар бири 9,4 метрли қувурлар бир-бирларига уланиб, навбати билан ер қаърига киритилаверади.

 

Қудуқлар 2950 метр чуқурликдан, Юра қатламидан газ, газ конденсати ва сувдан иборат аралашмани тортиб чиқарадилар ҳамда жамлаш ва тақсимлаш станцияларига етказадилар. Станцияларда бу аралашмадан сув ажратилади ва кўлларга чиқариб ташланади. Конденсат ва газ эса юзлаб километр наридаги «Устюрт газ-кимё мажмуаси»га етказиб берилади.

 

Алоҳида боб – «Устюрт газ-кимё мажмуаси»

Бу улкан мажмуани Ўзбекистон бунёдкорлигининг рамзи деб аташ мумкин. Бизга ҳамроҳлик қилган Нарбай Аннаевнинг сўзлари бу мажмуанинг бугунги кундаги мавқейидан дарак беради:

– Бир вақтлар ишчи топиш муаммо бўларди. Ишчиларни жалб қилиш бўйича охирги эълонимиздан кейин синовлардан ўтиш учун бир ўринга 120 нафар талабгор бўлди. Аксарияти бир ёки бир неча хорижий тилни биладиган ғайратли ёшлар. Корхона ичида ҳам, ишчилар посёлкасида ҳам барча шароитлар яратилган, маошлар яхши. Ишчиларимизнинг аксарияти ёшлар, улар ҳозир бемалол шу турдаги ҳар қандай хорижий заводларда ҳам ишлаб кета оладиган тажрибага эга бўлиб улгуришди.

 

Мажмуани сайр қиларканмиз унинг ҳайбатидан ҳаяжонга тушамиз. Лекин шундай улкан корхонанинг бирор жойида чиқинди кўринмайди, нохуш ҳид сезилмайди. Энг муҳими ишчилар сони корхона кўламига нисбатан жуда оз – 1500 киши.

«Uz-Kor gaz chemical» ҚК ва «Ўзбекнефтегаз» ОАЖ ҳамкорлигида бунёд этилган, 130 гектардан ортиқ майдонда жойлашган «Устюрт газ-кимё мажмуаси» бешта йирик станция ва заводлардан иборат: газ ажратиш станцияси, этилен ишлаб чиқариш заводи, полиэтилен заводи (йиллик қувват 387 минг тонна полиэтилен), полипропилен заводи (йиллик қувват 83 минг тонна полипропилен) ва энергия таъминоти станцияси. Бундан ташқари, 4та қўшимча цех ҳам фаолият юритади.

 

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган гранулалар ҳажми кунига 1,5-2 минг тоннани ташкил қилишини билганимизда бунча маҳсулот қаерга сотилаётганига билан қизиқдик. Маълум бўлишича, бу маҳсулотга буюртма асосида олдиндан тўлов қилиниб, машиналар тайёр маҳсулотни олиб кетиш учун кутиб туришаркан. Шу жойнинг ўзида божхона терминали ташкил қилинган ва хорижга, асосан Туркияга жўновчи бир неча машиналар йиғилиб, маҳсулот олиб кетишади. Ички бозор ва узоқ давлатларга вагонларда ташиш йўлга қўйилган.

 

 

Корхонага ташрифимиз якуни тун вақтига тўғри келганида ҳам ҳикмат бор экан. Зеро тунда мажмуа ўзгача қиёфа касб этиши маълум бўлди. Чўл қўйнидаги улкан ва ярқироқ чироқдек нур таратиб турган «Устюрт газ-кимё мажмуаси» хорижий меҳмонларда ҳам яхши таассурот қолдирди. Чунки уларнинг кўпчилиги бир савол билан келишганди – Ўзбекистон энергия тизими салоҳияти қай даражада? Ўйлаймизки, улар бу саволларига етарлича жавоб олишди.

Чўл бўйлаб уюштирилган саёҳатимиз якунига етди ва Нукусга қайтдик. Пресс тур янги манзил – Тахиатош иссиқлик электростанциясида давом этди.

Аброр Зоҳидов, тасвирчи Шерзод Эгамбердиев.

Бўлимлар