БМТ: Иқлим ҳаракатлари бўйича саммити – Қорақалпоғистон мисолида самарали натижалар

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Иқлим ҳаракатлари бўйича саммити бўлиб ўтди. 

Мазкур саммитда Ўзбекистон делегацияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари  Казбеков Жусипбек ҳам иштирок этди.

Ушбу муносабат билан биз Оролбўйидаги экологик вазиятни юмшатиш, ҳудудни ривожлантириш ва саммит таъсуратлари ҳамда унда Қорақалпоғистон мисолида эришилган  натижалар хусусида Жусипбек Сидиқбековичга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик.

 –Жусипбек Сидиқбекович, ўзингизга маълумки, сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг раҳбарлигида Қорақапоғистон Республикасидаги экологик вазиятни, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга биргина мисол, 2018  йилнинг 27 ноябрь куни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди фаолияти йўлга қўйилди...

– Тўғри. Аввало таъкидлаш жоизки, 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади ва Орол ҳалокатига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришга чақирди.

Оролни қутқариш халқаро фонди ташкилотчи давлатлар раҳбарлари Кенгашининг 2018 йил 24 августда Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида Президентимиз Ш.Мирзиёев БМТ ҳомийлигида Оролбўйи минтақаси учун махсус траст фондини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йилниг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифлари доирасида ҳам мазкур масалага яна бир марта катта эътибор қаратилди. 

Ниҳоят, 2018 йил 27 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст жамғармаси фаолияти бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ҳам иштирок этди ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш, инсон ҳаётига ҳалокатли таъсирларни юмшатиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. 

Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган муҳим ишлар мисолида яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2018-2019 йилда Орол денгизининг суви қуриган тубига саксавул экиш учун жами 1 миллион 125 минг гектар ер майдни тайёрланиб, шундан 461 минг гектарига саксавул уруғлари экилди. Мазкур тадбирлар жорий йилда ҳам давом эттирилади.

Бундан ташқари, маълумки, Оролбўйи ҳудудида, жумладан янгидан туғилаёган янги Мўйноқ туманида сўнги бир йилнинг ўзида юз берган ва изчил давом этаётган ободонлаштириш ва қурилиш ишлари нафақат бутун Ўзбекистон балки дунё жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб қилмоқда.  

 –Айтингчи, ўтган давр ичида мазкур фондни молиялаштириш бўйича ҳудудда қандай ишлар амалга оширилди?

–Мана деярли ўтган ўн ой мобайнида Муҳтарам Президентимизнинг мазкур Траст фонд фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус қарори имзоланди, ва тузилган Идоралараро ишчи гуруҳи ва “йўл харита”си асосида Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилаш учун лойиҳаларни молиялаштириш буйича кўламли ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Траст фондини молиялаштириш учун 2019-2022 йилларда 6,5 миллион доллар ажратиш мажбуриятини олиб, жорий йил 1 март куни дастлабки 2 миллион доллар ва апрел ойида Норвегия ҳукумати томонидан Траст фондининг Нью-Йоркдаги ҳисоб рақамига 1,1 миллион доллар маблағлари ўтказилди.

Мазкур келиб тушган маблағлар хисобига 2019-2020 йилларда Оролбўйи ҳудудида амалга ошириш учун мўлжалланган 2 та “Қишлоқ аҳолиси ҳудудларининг мунтазам ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оралбўйи ҳудудида инсон хавфсизлигини таъминлаш” ва “Энг ожиз оналар ва янги тўғилган чақалоқларга перинатал ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш” лойиҳага жами 3,08 миллион доллар маблағлар ажратилди.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Қорақалпоғистондаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳисса қўшмоқда. Масалан БАА Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳарид қилиш учун 10,7 млн. долл. маблағ ажратди. Бунга қўшимча БАА президенти Халифа бин Заид аль-Наҳайон номидаги болалар ва аёллар шифохонасини Нукус шаҳрида 1.3 га майдонда 7 млн. долл. грант ҳисобига барпо этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2019 йил 4 апрель куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан раҳбарлигида Европа Иттифоқи делегацияси Муйноқ туманига ташриф буюрди ва Траст жамғармаси бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.  Ташриф натижалари буйича Европа Иттифоқи Траст жамғармасига 5 млн. евро грант ажратишини эълон қилди. 

Албатта Оролбўйи аҳолисига ёрдам берувчи Траст фондининг бу каби лойиҳалари келгусида ҳам давом этади.

 –Мазкур ҳаракатларнинг давоми сифатида Сиз жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ҳаракатлари бўйича саммитида Ўзбекистон делагацияси таркибида  иштирок этдингиз. Сафар тафсилотлари ва таъсирларингиз ҳамда эришилган натижалар ҳақида сўзлаб берсангиз?

– 65 давлат, 100 дан зиёд йирик бизнес ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашган мазкур саммитдаги иштирокимиз албатта, самарали бўлди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида БМТ Бош котиби А.Гутерриш нутқ сўзлади. 

Бош котиб таъкидлаганидек, “бу иқлим муназаралари саммити эмас. Биз етарлича гапирдик. Бу музокаралар саммити эмас, сабаби табиат билан музокара олиб борилмайди. Бу иқлим ҳаракатлари саммити”. 

Шунингдек, А.Гутерриш барча иштирокчиларни глобал иқлим ҳораротининг ошишини Париж битимига асосан 1,5 градусга чеклашга мажбурият олганлигини эслатиб ўтди ва аниқ мажбуриятлар ва ҳаракатлар ҳакида гапиришга даъват этди. У айниқса, “парник” газлари чиқиндиларини камайтириш, энергия ишлаб чиқарувчи сонаотни субсидиялашга чек қўйиш ва қазиб олинадиган ёнилғидан фойдаланишни тўхтатиб, ўз-ўзини тиклайдиган ёқилғига ўтиш, углеродларга солиқ жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш йўлларини ўзгартириб, “яшил иқтисодиёт”га ўтишни таклиф қилди. 

Ўзбекистон делегацияси мазкур сафар давомида БМТнинг турли давлатлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди ва ушбу музокараларда Ўзбекистон томонидан Париж битимининг ижроси, Орол муаммосининг салбий таъсирини камайтириш буйича давлатимиз томонидан олиб борилаётган кўламли саъй-ҳаракатлар ва Оролбўйи ҳудуди учун тузилган Траст фонди ҳақида гапирилди. 

Сухбат давомида шунингдек, жорий йилнинг 25 октябрь  санасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида юқори даражада ўтказилиши режалаштирилаётган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар зонаси” мавзусидаги халкаро конференцияси ҳақида маъумот берилди. 

Саммитда Қорақалпоғистон мисолида эришилган натижаларга келадиган бўлсак, АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган икки томонлама учрашувларда, жумладан, АКШнинг «Project CURE» нодавлат ва нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон аҳолисининг соғлиғини яхшилаш учун 400 минг доллардан ортиқ миқдорда тиббий ускуна ва жиҳозлар беғараз тариқасида етказиб беришга келишиб олинди. 

АҚШнинг қишлоқ хўжалиги департаменти билан учрашувда эса “Таълим учун озиқ овқат” дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхандарё вилояти мактаблари учун сифатли озиқ-овқат таъминоти, ўкитувчилар малакасини ошириш ва мактабларда ичимлик суви сифатини яхшилаш учун 5 йилга 21,5 млн доллар ажратилгани ҳақида маълумот берилди. 

 

Шунинг билан бирга, сафар чоғида яна бир муҳим хабар келди, яъни Европа инвестиция банки Орол муаммосини бартараф этиш учун Траст фонд доирасида 100 млн. евролик узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағларини ажратиши кутилмоқда.

 

Сухбатдош: Ч.ЕЛМУРАТОВ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Матбуот котиби

Расмларда саммит доирасидаги тадбирлардан лавҳа

Бўлимлар