“Тахиатош” ИЭСда иккита буғ-газ ускунасини ишга тушириш учун ҳозирлик кўрилмоқда

“Тахиатош” иссиқлик электр станциясида қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ ускунаси қурилиши давом этаётир.

“Tahiyatosh IES” АЖ “Иссиқлик электр тармоқлари” АЖ таркибига киради. Қуввати 28 МВт бўлган ТЭС қурилиши 1961 йилда амалга оширилган. 210 МВт бўлган сўнгги олтинчи навбатининг қурилиши 1990 йилда якунланган. Ҳозирги пайтда техник ва маънавий эскирган ускуналар фойдаланишдан чиқарилган ва демонтаж қилинган.

2015-2017 йилларда Президентимизнинг қарорига асосан “Тахиатош” ИЭСда қуввати 230-280 МВт га тенг иккита буғ-газ ускунасининг қурилиши бошланди. Лойиҳанинг амалга оширилиши муддати 2015-2021 йиллар деб белгиланган.

 

Лойиҳа ўз ичига иккита буғ-газ трубиналари (БГТ) қурилиши, эски ва самарасиз энергоблокларни фойдаланишдан чиқариш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр узатиш ҳажмини оширишни қамраб олади.

“Тахиатош” ИЭС Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида асосий электр манбаи ҳисобланади. 2012 йилда ушбу ҳудудларда энг юқори юклама 466 Мегаватт (МВт) бўлгани ҳолда электр энергияси истеъмоли 2 293 млн. кВт/с ни ташкил этган. 2020 йилга келиб, энг юқори юкламаси 620 МВт бўлгани ҳолда электр энергияси истеъмоли 3 620 млн. кВт/с дан ортиши кутилмоқда.

 

Энергия самарали блокларни қуришга бундай ёндашув ва айни пайтда эски, кам самарали қурилмаларнинг чиқарилишини модернизациялаш бўйича биринчи интеграцияланган модель бўлади. Энергетика секторини реструктуризация қилишга йўл очиб беради.

 

Лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 миллион долларни ташкил этади, шу жумладан Осиё Тараққиёт банкининг қарз маблағлари 300 миллион долларни, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредит маблағлари 230,7 миллион долларни, ўз маблағлари 27,3 миллион долларни, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати улуши (берилган солиқ ва божхона имтиёзлари шаклида) 120,2 миллион долларни ташкил қилади.

 

Қуввати 230-280 МВт га тенг иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилгач, станциянинг ўрнатилган қуввати 730 МВтдан 1003 МВтга, йиллик энергия ишлаб чиқариш қуввати 3,0 млрд кВт/с дан 4 млрд кВт/с га ошади. Йилига 488,6 миллион метр куб табиий газ тежалади. ИЭС томонидан атмосферага чиқиндилар чиқарилиши 3,2 баравар камаяди.

 

Қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун бош пудратчилар билан “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering Co.Ltd” ва “Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd” консорциумлари ўртасида тайёр ҳолда топшириш шарти билан шартнома имзоланган.

 

Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишларга 637 нафар хорижий мутахассислар, 1372 нафар маҳаллий фуқаролар жалб қилинган.

 

“Тахиатош” ИЭСда биринчи буғ-газ ускунаси жорий йил ноябрда, худди шундай қувватга эга иккинчи ускуна кейинги йил январда ишга туширилиши режалаштирилган.

Есимхон ҚАНОАТОВ,

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Бўлимлар