ТИЛ – МИЛЛАТ ФАХРИ

 

Тил – ҳар бир инсон учун бебаҳо қадрият, муқаддас тушунчалар мажмуи, дунёни англашнинг дебочасидир. Миллат мавжудлигининг асоси, миллат ҳаётийлигининг тимсоли – тилдир.  Она тили инсон туғилишиданоқ вужудига сингган бебаҳо қудрат, маънавий қадриятлар шаклланишининг туб негизи. Миллий тил ҳам мамлакат мадҳияси, байроғи, туғи, конституцияси қаторида турувчи амал қилиши қонун билан ҳимоя қилинадиган давлат рамзларидан биридир. Инсон дунёга келибдики, ота-онаси, қон-қариндоши, ватанини ўзи танлай олмаганидек она тилини ҳам ўзи танлолмайди, фақат уни шарафлашга, улуғлашга, асраб-авайлашга маҳкумдир – бу тилни фарзандларига, авлодларига бус-бутун ҳолда мерос қилиб қолдиради. Дарҳақиқат, буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний сўзлари билан айтганда, «ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Бундан 30 йил муқаддам 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган эди. Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши мамлакатимиз мустақиллигининг илк қадамларидан бири бўлиши билан бирга, ўзбек тилининг амал қилиш доирасини мустаҳкамлади, ўзбек тилининг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 4 октябрь куни «Давлат тили ҳақидаги қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарорини имзолади. Қарорда таъкидланганидек, «…дунёда қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир». Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат билан октябрь ойи мамлкатимизда тил байрами ойлиги сифатида кенгдан нишонланиши, корхона, ташкилотларда, таълим муассасаларида тил байрами муносабати билан тадбирлар, диктантлар, иншолар танловлари ўтказилиши, олий таълим муассасаларида илмий конференциялар ташкил этилиши белгилаб берилган. Буларнинг барчаси халқимиз тафаккурида, ёш авлод онгу шуурида она тилига садоқат, давлат тилига ҳурматнинг ошишига хизмат қилади.

Шу билан бирга ўзбек тилининг мамлакатимиз ҳудудида кенг доирада қўлланилиши, амал қилинишида кун тартибидаги ҳал қилиниши муҳим бўлган бир қатор вазифалар, муаммолар борки, бу вазифалар тилшунос олимлар, фан, таълим мутахассислари, жамоатчилик вакиллари, ҳар бир инсон фаолияти билан боғлиқ ва улар зиммасига бир қанча масъулият юклайди. Ана шундай муаммо ва вазифалар сифатида қуйидагиларни таъкидлаб кўрсатиш мумкин:

Биринчидан, давлат тили ҳақидаги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиниши ва бунда амалдаги қонун моддаларидаги камчиликларнинг бартараф этилиши, бугунги кун талаб қилаётган ҳуқуқий меъёрларнинг белгиланиши,  киритилиши, қўшимча моддалар билан тўлдирилиши зарур. Шунингдек, қонунда давлат тили меъёрларининг бузилиши, амал қилинмаслигидан келиб чиқадиган қонун бузилиш ҳолатларига конкрет маъмурий, жиноий жавобгарлик белгиланиши, бу бўйича конуности ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳамда унга тегишли нормалар киритилиши давр талабидир. Зеро, тил меъёрларининг бузилиши, давлат тили ҳақидаги қонунга амал қилмаслик бўйича маълум жарималар белгиланса, бу иллатларнинг бартараф этилишига катта таъсир кўрсатади. Бунинг ёрқин далили ва натижасини яқин даврда мамлакатимизда назорати кучайтирилган йўл-ҳаракати қоидалари кўрсатиб турибди. Мақолларда айтилганидек, «камбағални урма-сўкма, тўнини йирт»иш, яъни жарималар белгилаш – қонунга, меъёрга амал қилишнинг мезони ҳисобланади.

Иккинчидан, ўзбек тилини она тили ва давлат тили, шунингдек, чет тили сифатида ўқитиш методикаси тизимини тубдан янги шакл ва услублар асосида ташкил этиш. Бунда дунёнинг ривожланган тиллари доирасида ўрганиш ва ўргатиш стандартларини пухта ўрганган ҳолда, ўзбек тилида ўз фикрини адабий тил меъёрлари талабларига мос ҳолда тўғри шакллантириш, ёзма, оғзаки, эшитиб тушуниш, ўқиш кўникма, малакаларига қўйилган конкрет стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда сертификатлаш тизимини яратиш. Бунинг натижасида ўзбек тилини давлат тили сифатида фан, таълим, ишлаб чиқариш, тиббиёт – бир сўз билан айтганда, ўз фаолиятида адабий тилнинг имло, орфоэпия, грамматик меъёрларига тўла мос ҳолда эркин қўллай оладиган мутахассислар, нутқий малакани мукаммал эгаллаган инсонни тарбиялаш кўзда тутилади.

Учинчидан, бугунги кунда компьютер, ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларнинг инсон амалий фаолиятига фаол аралашуви натижасида миллий тиллар йўқолиб кетиш хавфини юзага келтирмоқда. Чунки ҳар қандай тил муомала, мулоқат воситаси сифатида фақат доимий қўлланишдагина яшайди, ҳаётийлиги ортади, акс ҳолда яшовчанлиги йўқолади ва эскириб, йўқ бўлиши мумкин. Ўзбек тилини дунё тиллари қаторига олиб чиқиш учун унинг ахборот-компьютер услубини яратиш, турли хил компьютер луғатлари (таржима, изоҳли, имло)ни, ўзбек тилининг миллий матнлар корпуларини ишлаб чиқиш – умуман, ўзбек компьютер лингвистикаси ривожлантиришни ушбу муаммонинг ечими сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тил нафақат алоқа воситаси, балки миллат маданияти, халқнинг урф-одати, турмуш тарзи, ўзлиги, кечмишидир. Она тилига, давлат тилига, шунингдек, бошқа тилларга ҳурмат эса шахснинг юксак маданияти, саводхонлиги даражасини белгилаш билан бирга, ўзаро мулоқотга, ҳурматга йўл очади.

 

Назарбай Киличов, ҚҚДУ

Ўзбек тилшунослиги

кафедраси ассистенти

Бўлимлар