Оролни йўқотиш даҳшатлари ва мисли кўрилмаган саксовулзорлаштириш ҳақида Борий Алихонов билан суҳбат

Орол – 50 йил аввал ҳам дунёнинг қуруқликдаги энг йирик тўртинчи денгизи эди. Афсуски, денгизнинг қуриб бориши ва унинг оқибатлари бугунга келиб дунёнинг энг оғриқли экологик фожиаларидан бирига айланган.

Бўшаб қолган денгиз ўрнидан кўтарилаётган заҳарли тузлар, қум ва чанг-тўзон инсонлар саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий хавф туғдирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Оролбўйи фожиаси оқибатларини бартараф этиш, ҳудуд атрофида биохилма-хилликни таъминлаш учун бир қанча ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, ҳозирда Орол денгизининг қуриган қисмида саксовулзорлар барпо этилмоқда. Шунингдек, Орол муаммосига йирик халқаро ташкилотлар эътиборини қаратган ҳолда, ҳудудга кўпроқ инвестиция жалб қилишга интилмоқда.

Kun.uz Орол денгизи фожиалари ва уни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар қай даражада самара бераётгани юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Борий Алихонов билан суҳбат ташкил қилди.

Оролнинг терморегулятор функцияси умуман тескарисига ишлаяпти

Хўш, Орол денгизини кўрмаган, у ҳақда фақат архив теледастурлар ва бошқа маълумотлар орқали эшитган ҳозирги ёшлар авлоди учун уни қандай тасвирлаш мумкин, уни йўқотишнинг даҳшатлари нималарда кўринади?

Борий Алихоновдан шу ҳақда фикрларини сўрадик.

Борий Алихонов

- Бундан 50 йил аввал ҳам Орол денгизида ўрта ҳисобда 1082 куб км. ҳажмда сув бор эди, майдони эса 68 минг кв.км.га тенг эди. Шунингдек, ҳар йили Оролга 55-58 куб км. сув қуйиларди. Бунинг 2\3 қисми Амударё ва 1 қисми Сирдарёдан қуйиларди.

Оролдаги ҳолат мўътадил пайтларда сув таркибидаги туз миқдори 11-12 гр литрни ташкил қиларди. Бу дегани Орол ҳудудидаги ривожланишга энг мўътадил шароит яратилганди.

Хўш, ҳозир қандай аҳволга тушиб қолдик? Ҳозир бу майдон 10, сув ҳажми эса 15 баробарга камайиб кетган. Оролнинг сатҳи 29 метрга тушиб кетди. Бу ўрта ҳисобда 10 қаватли уйнинг баландлигига тўғри келади.

Биз юқорида орол сувида тузнинг таркиби ҳақида гапирдик, ҳозирда бу кўрсаткич 150 гр - 300 гр литрга етди. Бу дегани орол сувининг 1\3 фоизини туз ташкил қилади.

Бу – ҳақиқий ўлик денгизининг намунаси. Ҳатто ундан ҳам юқори.

Фақатгина Орол денгизи шароитида яшаши мумкин бўлган 20 хилдан зиёд балиқ тури йўқолиб кетди. Таққослаш учун, ўтган асрнинг 60-йилларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган. Ҳозир бирорта балиқ қолгани йўқ.

Ҳозирги кунда Оролнинг қуриган тубидан йилига 100 млн тоннадан зиёд қум, чанг-туз юзлаб, минглаб км. масофаларга учиб боради.

Бундай кўчиб борган туз, қум зарралари эса Норвегия, Япония каби давлатлардан, Помир, Олой, Тянь-Шань тоғ тизмалари ҳамда Арктикадан ҳам топилди.

Авваллари ёз ойларида Орол устидан ўтаётган гармсел ҳарорати денгиз суви ҳарорати таъсирида пасаярди ва бизга нисбатан илиқ ҳаво сифатида, қишда эса, аксинча, Сибирдан эсаётган совуқ оқим Оролнинг илиқ суви таъсирида мўътадиллашиб келарди. Ҳозирги вақтда Оролнинг ушбу терморегулятор функцияси умуман тескарисига ишлаяпти.

Шунинг учун ҳам бизда иқлим йилдан-йилга кўтарилиб боряпти.

Биздаги каби саксовулзорлаштиришнинг дунёда бирорта аналоги йўқ

Ҳозирда Орол денгизининг қуриган қисмида саксовулзорлаштириш ишлари давом этмоқда, аммо бу ҳали дунёда мисли кўрилмаган иш ҳисобланади. Борий Алихоновдан Орол денгизининг қуриган саксовул ўрмонларини барпо қилиш ва унинг аҳамияти ҳақида сўрадик.

Унинг айтишича, эндиликда технологик жиҳатдан Оролни аввалги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўқ.

– Оролни бундан 60 йил аввалги ҳолатига қайтариш учун Волга дарёси 5 йил, Дунай дарёси 7 йил тинимсиз оқиши керак.

Эндиликда олдимизда турган биринчи масала – Оролбўйи ҳудудида экологик фожиаларни мардонавор туриб, биринчи ўринда қабул қилаётган аҳоли саломатлигини барқарор сақлаш.

Саксовулларга келсак. Тўғрисини айтишим керак, биз бу борада кўп вақтни йўқотиб қўйдик. Авваллари кўп гапириларди, лекин кам иш қилинарди. Ўтган 20 йил ичида қуриган 5 миллион га. ердан атиги 400 минг га. ерга саксовул экилди.

Ҳозирга келиб бу масалага бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Масалан, ўтган 2018 йил декабрь ойидан жорий йил апрель ойигача 650 минг га. ерда саксовул уруғлари сепилди, 1 миллион бир юз минг га. ерда эгатлар олиниб, саксовул экиш учун тайёр қилинди.

Саксовул шундай ўсимликки, агар уни етти қатор қилиб эксангиз, у 5-7 йилда 90 фоиз қумни ушлаб қола оладиган даражада катта бўлади ва у ўзидан кўпайиш хусусиятига эга.

Бу – саксовулнинг биринчи хусусияти. Унинг иккинчи хусусияти – саксовул ўсган ҳудудда экотизим мўътадиллашади, оазис бўлади. Учинчидан, ўша ҳудудларда биохилма-хиллик кўпайишига имконият яратилади.

Бу каби саксовулзорлаштиришнинг дунёда умуман аналоги йўқ. Албатта, Австралия, Қозоғистонда экилган, лекин биз қилаётган ишлар билан уларни умуман таққослаб бўлмайди.

Хўш, саксовулзорлаштириш Оролбўйида биохилма-хилликни таъминлашда ягона ечимми? Партия раҳбарининг бу борадаги фикрлари билан ҳам қизиқдик.

Унинг айтишича, бу ягона ечим эмас.

– Жудаям тўғри савол. Бу ягона чора эмас. Бизда чўлга чидамли қандим, черкес каби ўсимликлар ҳам бор.

Бундан ташқари ҳозирги вақтда Оролнинг қуриган тубидан нисбатан чучук сув ҳам чиқяпти. Бу кам, лекин биз ўша жойларга йирик ва майда шохли ҳайвонларга озуқа бўладиган экинларни етиштириш устида ишлаяпмиз.

Суҳбат давомида Борий Алихонов, шунингдек, Оролбўйи ҳудудида биохилма-хилликни таъминлашда Қозоғистон ва Ўзбекистон тажрибаси, яна 10-15 йилдан кейин Орол ҳудудини қандай тасаввур қилиши ва бошқа мавзуларда қизиқарли фикрларини билдирди. Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Бўлимлар