Жўқорғи Кенгес Раиси энг чекка ҳудуд аҳолиси билан учрашди

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов пойтахтимиз Нукус шаҳридан қарийб 450 км узоқликда жойлашган, республикамизнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Қўнғирот туманининг “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Республикамиз раҳбари дастлаб «Кўнғирот» божхона постига ташриф буюриб, бу ерда фуқаролар ва ишчи ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Божхона тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ва қўшни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан кириб келаётган ва бошқа давлатларга чиқиб кетаётган фуқаролар билан дилдан самимий мулоқат қилди. Шунингдек, «Кўнғирот» божхона постига яқин жойлашган божхона ходимлари истиқомат қилаётган 2 қаватли турар жойда яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда истиқомат қилаётган божхона ходимлари билан мулоқат қилди.

Бундан сўнг республикамиз раҳбари қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош жойлашган, бугунги кунда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳаллий аҳоли билан учрашди. Уйма-уй юриб, очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда фуқаролар асосан ишга жойлашиш, уй-жой таъмири, темир йўл транспорти ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш, имтиёзли кредитлар ажратиш сингари масалаларда мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг маълум қисми жойида ҳал қилинган бўлса, атрофлича ўрганиш ва вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.

Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби мазкур посёлка аҳолиси ҳам улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободлик оғушида ҳаёт кечирмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари асосида ўтган қисқа вақт мобайнида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий инфратузулмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турмуш фаровонлиги ва бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Мактабгача таълим, таълим, спорт, маданият, тиббиёт объектларида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Кўча ва турор жойлар қурилди ва таъмирланди.

Тадбир доирасида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди ва маҳаллий аҳоли маҳсулотларни арзон баҳода сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Янада посёлка фуқаролар йиғинидаги кам таъминланган оилаларга телевизор, озиқ-овқат маҳсулотлари, 26-сонли мактаб жамоасига турли хил номдаги 200 та бадиий китоблар ҳам берилди.

Шунингдек, мутасадди раҳбарлар ҳудуддаги мактабгача таълим, таълим, спорт ва тиббиёт муассасасида бўлиб, уларнинг кўз-қиш мавсумларига тайёргарлигини кўздан кечирди.

 Санъаткорлар томонидан ҳавола этилган концерт дастури эса тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Албатта, ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан “Қорақалпоғистон”да истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди ва давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Бўлимлар