Жўқорғи Кенгес Раиси Туркия элчисини қабул қилди

21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр бошчилигидаги делегацияни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов элчини республикамизга ташрифи билан самимий табриклаб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Орол фожиасининг оқибатларини бартараф этиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, Туркия бугунги кунда қурилиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа соҳаларда жаҳонда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис, “Нукус Сити” қурилишида, аҳолининг соғлигини сақлаш соҳасида туркиялик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди. Ўтган йили “Ўзбекистон - Туркия саломатлик ҳафталиги” тадбири доирасида туркиялик тажрибали шифокорлар республикамизда бўлиб, беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди ҳамда пластик ва реконструктив, гинекологик операцияларни амалга оширди.

Ўз навбатида элчи самимий қабул учун республикамиз раҳбарига миннатдорчилик изҳор этди. Ташриф давомидаги режалар, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар билан ўртоқлашди.

Қабул маросимида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Иҳсан Чағлар ҳам элчига ҳамроҳлик қилди.

 

Бўлимлар