Арисланбек Асқаров: “Кўп клип чиқариш учун кўп пул керак”

“Нукус ФМ” радиосида “5х5” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Қорақалпоқ эстрадаси юлдузларидан бири Арисланбек Асқаров бўлди. Хонанда 2 соатлик эшиттириш давомида бошловчилар Фурқат Юсупов ва Шахзада Базарбаева томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди. Қуйида Арисланбекнинг биринчи бўлимдаги саволларга берган жавобларини ўқишингиз мумкин.

1. Фурқат: Арисланбек Асқаровни Сардор Раҳимхонга қиёслайман. Сардор ҳам Арисланбек ҳам битта қўшиғи билан танилган хонандалар сафига киришади. Хўш бу қўшиқ шунчалик муваффақият қозонишига ишонганмидингиз?

- “Назларин барда” қўшиғи менга бу қадар муваффақият олиб келишини кутмагандим.

- Қўшиқ чиққанидан кейин қандай фикр билдиришди?

- Ёшларбоп йўналишда яратилганлиги ва қўшиқ ёш танламаслиги кўпчиликка манзур бўлди. Тўйларда ҳам айнан мана шу қўшиқни сўрай бошлашди.

- Ушбу қўшиқ сизни маълум даражада машҳур қилди. Машҳурлик қандай экан энди?

- Олдингидан яхши (кулади). Ўзига хос маъсулияти ҳам бор албатта.

2. Шахзада: Хонандалик машаққатли касблардан бири ҳисобланади. Айтингчи бу соҳага кириб келганинггиздан пушаймон бўлган пайтларингиз бўлганми?

- Бундай взиятлар бўлди. Ҳали ўзим ёшман ва бу гапни айтганим катта ёшли санъаткорлар учун эриш бўлар балки. Бироқ гап ёшда эмас, бошда деган гап бор. Баъзида овоз ёзиш студияларида овозим ўз маромига келмаган, 4-5 кунлаб бир қўшиқ устида ишлаган пайтларим ҳам бўлган. Айрим пайтлари тўйларда жонли ижрода кўп қўшиқ айтиб юбориб, томоғим чарчаган. Ўшанда 2-3 оғиз гап гапиришга қийналганман. Шу пайтлари ўйланиб қоламан. Нега бундай бўлди деб. Аммо мухлисларни кўрганда, қарсакларни эшитганда ҳаммасини унутиб кетаман.

Фурқат: Қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетасиз?

- Қийин вазиятлар бўладиган бўлса, ота-онам, яқинларим билан маслаҳатлашиб ёки ўзимни босиб олишга ҳаракат қиламан.

Фурқат: Масалан саҳнага чиқдингизу, микрофон ишламай қолди. Шунақа воқеалар бўлиб турадими?

- Албатта. Бундай воқеалар жуда кўп бўлди. Баъзида техника воситалари талабга жавоб бермай қоларди. Шундай пайтларда қўшиқ тўхтаб қолгудек бўлса, бутун залга қарата “Ҳамма биргаликда шу қўшиқни жонли айтсак қандай бўлади?” дейман. Ўша пайтда қарсаклар бўлса, биргаликда зал билан қўшилиб ана шу қўшиқни айтганмиз.

3. Шахзада: Нима учун кам клип чиқаргансиз? Бу харажатга боғлиқми ёки бошқа сабаблари борми?

- Албатта, ҳаражатнинг ҳам ўз ўрни бор. Кўп клип чиқариш учун кўп пул керак. Шунингдек қўшиқларимнинг маъноси қийин ёки кўпроқ воқеани туширишга тўғри келиб қолса, бунга имконият бўлмай қолади. Клипга режиссёр топилса, актёр топилмайди, ёки аксинча. Бугунги кунга қадар ишлай олмаган клипларни эндигида тўлиқтиришга ҳаракат қиламан.

4. Шахзада: Қайси қўшиғингизда ўзингизни кўра оласиз?

- “Ишқи сезим” деб номланган қўшиғимни севиб ижро этдим ва у ўзимнинг ҳаётимга ҳам боғлиқ.

Фурқат: Кимгадир аталганми бу қўшиқ?

- Балки аталгандир…

5. Фурқат: Арисланбек Асқаровни ҳомийси борми?

- Энг биринчи ҳомийим бу ота-онам. Уларнинг насихатлари ва дуолари мен учун катта ҳомийлик. Моддий тарафдан ўзим учун ҳомий ўзим.

Фурқат Юсупов ва Шахзада Базарбаева суҳбатлашди

Бўлимлар