Мўйноқда қатор объектлар фойдаланишга топширилди

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманида қорақалпоғистонлик фаоллар билан мулоқоти чоғида “Сизлар билан биргаликда катта ҳаракат бошладик. Ҳар бир ҳудуднинг дардини билайлик, ҳар бир инсоннинг ичига кирайлик, эртанги кунга ишончини уйғотайлик деб чуқур ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак”, дея таъкидлаган эди.

Бугун ана шу улкан ислоҳотларнинг, ўзгаришларнинг самарасини Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг жадал олиб борилаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифи чоғида келгуси икки йилда Мўйноқда замонавий шаҳарсозликдаги барча янгиликларни жорий этиш, намунавий инфратузилма яратиш зарурлигини таъкидлаб ўтиб, бу бўйича аниқ топшириқлар берган эди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида туманда қатор объектлар фойдаланишга топширилган бўлса, 27 ноябрь куни туманда яна бир қатор объектларнинг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Жумладан, “Қазақдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 9-сонли мактабгача таълим муассасасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Икки қаватли, барча қулайликларга эга мазкур муассаса 100 ўринга мўлжалланган. Авваллари бу ерда боғча қурилишини орзу ҳам қилмаган аҳолининг бугун қувончи чексиз.  Чунки бу боғчада уларнинг фарзандлари ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек, мазкур овул фуқаролар йиғинининг “Мўйтен” аҳоли пункти ҳудудидаги сувни чучуклаштирувчи станциясининг ишга туширилиши ҳам маҳаллий аҳоли учун улкан туҳфа бўлди. Мазкур станция 520 хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлайди. “Ерназар” ва “Кенес” овуллари ҳудудларида сув тармоқларини таъмирлаш ишлари якунига етди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида тамал тоши қўйилган, туманнинг чиройига чирой қўшиб турадиган минора соатининг ҳам фойдаланишга топширилиши мўйноқликларни қувончга белади.

 

Шунинг билан бирга, туман кадастр бўлимининг янги биноси, “Тик ўзак” ОФЙ ҳудудида янги ветеринария станцияси биноси фойдаланишга топширилди, ветеринария мутахассисларига 4 та мотоцикль берилди. “Мадели” ОФЙ “Шеге” аҳоли пунктида нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.

 

Бўлимлар