Идоравий нотариал архивлар томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига асос Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида ҳамда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 15 февралдаги 134-сон Қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган «Идоравий нотариал архивлар томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти»га асос ариза берувчи давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этади.

Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага:

паспорт нусхаси;

ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда — ишончнома нусхаси;

марҳум номидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар ҳақида архив ҳужжатлари олинаётганда — марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома ва ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда — васиятнома ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса — уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши лозим.

Сўровномага зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг аризачи уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Сўровномада ишончсиз маълумотлар кўрсатилганлиги, шунингдек тегишли ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.

Сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчининг ЭРИси билан тасдиқлангандан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади.

Сўровнома тушгандан сўнг ваколатли орган томонидан қуйидаги муддатлар мобайнида архив ҳужжатини бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади:

а) нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликати — сўровнома келиб тушгандан сўнг 5 иш куни мобайнида;

б) нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма-сўровнома келиб тушгандан сўнг 2 иш куни мобайнида;

в) архив ҳужжатларидан нусхалар — сўровнома келиб тушгандан сўнг 2 иш куни мобайнида;

г) архив маълумотномалари — сўровнома келиб тушгандан сўнг 1 иш куни мобайнида.

Ваколатли орган архив ҳужжатини бериш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда 10 дақиқа мобайнида Давлат хизматлари марказига архив ҳужжатларини бериш учун тўланадиган тўлов суммасини кўрсатган ҳолда электрон тарзда хабарнома ва архив ҳужжатларини юборади.

Архив ҳужжатларини бериш учун қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида;

нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма бериш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида;

архив ҳужжатларидан нусхалар бериш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида;

архив маълумотномалари бериш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида.

Гербли (махсус) бланкаларда нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликатлари берилганда қонун ҳужжатларига мувофиқ герб йиғими ундирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаш ахборот — коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари марказига хабарнома тушганидан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақда ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Тўлов амалга оширилгандан сўнг, архив ҳужжати электрон ёки қоғоз шаклда ариза берувчига берилади. Ариза берувчининг сўровига асосан ҳужжатларга Давлат хизматлари марказининг муҳри босиб берилиши мумкин. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари ариза берувчига фақат қоғоз шаклда берилади.

Архив ҳужжатлари нотариал архивда мавжуд бўлмаса, кўрсатилган хизматлар учун ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилмаса, давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

 

Хўжайли тумани Давлат хизматлари

маркази ходими А.Бауатдинов

Бўлимлар