Мўйноқда Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди

Бугун, 11 декабр куни Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Саъдуллаев Алишер Зафарович Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Ташриф чоғида, Оролбўйи ёшлари учрашди. Мўйноқ туманида янгидан барпо этилган Ёшлар марказининг тантанали очилиш маросими эса, ҳудуд ёшларини қувонтирди.

Мазкур марказнинг очилиш маросимини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев очиб берди. Сўнг, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, Мўйноқ ёшларини қутлади.

Бинонинг очилиш калити Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Мўйноқ тумани Кенгаши раиси Саламат Иниятовга тантанали топширилди ва марказ биносида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар билан танишилди.

 Эндиликда, 6 млярд 725 млн маблағ сарф қилинган мазкур бинода 4 та я‘ни рус тили, инглиз тили, математика ва соч турмаклаш тўгараклари, 1 та электрон кутубхона, кичик мажлислар зали ва 100 ўринга мўлжалланган учрашув ва тадбирлар зали, туман Сардорлари ва кўнгиллилари учун махсус хоналар ёшларга хизмат қилади.

Учрашув чоғида, Оролбўйи ёшлари Республика ёшлар етакчиси билан инглиз тилида эркин суҳбатлашдилар.

Суҳбатда, А.Саъдуллаев ёшларни руҳлантирувчи фалсафий ва маъноли маслаҳатлар бериб ўтди ва эртанги кун Ватанимиз ривожига ҳисса қўшадиган келажак ёшлари айнан, Оролбўйи ёшларидан кўплаб етишишига ишонч билдирди.

- «Ёшлар - келажак пойдевори». Бугун, бу аниқ мақсадларни белгилайдиган улуғвор сўз замирида, бутун ёшларимиз Ватанга муҳаббат, содиқлик ҳиссини туйган. Бугуннинг ёшларига барча имкониятлар мавжуд, фақатгина маррани баланд олиб, завт эцалар бас. Мана бугун, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев қорақалпоқ ёшлари билан яқиндан, дилдан суҳбатда бўлдилар, мазкур учрашув ёшларни руҳлантирганлигини уларнинг кўзларидан англаш қийин эмас, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Абатбай Данияров.

- Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ишонч, юксак масъулият юклайди. Нафақат мен, бутун Мўйноқ ёшлар яратилиб берилаётган имкониятлардан мақсадли фойдаланиб, албатта эртанги кун Юрт равнақига салмоқли ҳисса қўшишга бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз, - дейди марказнинг «Иқтидорли ёшлар» йўналиши Сардори Гөззал Көмекбаева, - мана бугун, Республика ёшлар етакчиси Алишер Саъдуллаев билан учрашувимиз эса, мен ва тенгдошларимга аниқ мақсадларимиз сари интилишга яна бир кара шижоат бағишлади десам муболаға бўлмайди.

Куннинг иккинчи ярмида, Алишер Саъдуллаев Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида иқтидорли ёшлар ва Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Сардорлари билан учрашди. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси қошида ташкил этилган «Карера» ёш кадрларни тайёрлаш клуби аъзолари ва клуб фаолияти билан яқиндан танишди.

Индира Мамбетназарова
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг матбуот котиби.

Бўлимлар