Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан Беруний туманида сайёр қабул ўтказилди

Йилдан йилга фаровонлашиб бораётган диёримизда одамларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашлари учун тубдан ислоҳотлар амалга оширлаётир.

Айниқса, уларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларига ечим топиш бугун ҳар бир раҳбар олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев томонидан Беруний туманининг энг чекка ҳудуди бўлмиш Шимом овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабул давомида 117 нафар фуқаро томонидан турли хил мазмундаги 40 мурожаат келиб тушди ва ушбу мурожаатларнининг 23 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Мурожаатларнинг аксарияти асосан коммунал хизматлар, ички йўллар, бандлик, солиқ ва солиқ тўловлари масалаларидан иборат бўлди.

- Даволаниш мақсадида ордер олишим кераклиги ҳақидаги мурожаатимни айтгандим, менга туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан шу ернинг ўзида ордер расмийлаштириб беришди. Раҳбарларнинг мана шундай чекка овулларга келиб, бизнинг ҳолимиздан хабар  олаётганлиги ва муаммоли масалаларимизга ижобий ечим топиб бераётганлигидан жудаям хурсандмиз,-дейди Шаҳноза Матмуратова.

Сайёр қабул давомида, шунингдек, сектор раҳбарлари  томонидан аҳоли учун ташкил этилган янги йил олди байрам ярмаркаси қишлоқда ҳаммага бирдек байрам шукуҳини улашди. Бу ердаги озиқ-овқат маҳсулотларнинг бозор нархларига нисбатан анча арзон нархларда сотилаётганлиги кўпчилик учун мақул тушди.

Сайёр қабулдан сўнг ўз боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилаларга кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва янги йил совғалари топширилди.

- Раҳбарлардан қабул давомида ўзим яшаб турган уйимга сув тортиш, электр энергиясини ўтказиш учун ёрдам сўрагандим ва улар тез орада ёрдам берамиз дейишди, -дейди Инобат Аметова. - Менга ўхшаган ижтиомий таъминотга муҳтож оилаларга кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Бу биз учун янги йил олди зўр совға бўлди.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раиси 22 декабрь куни ўтказилиши кутилаётган сайлов жараёнларга сайлов участкаларининг тайёргарлигини кўздан кечирди.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда ҳудудлар бўйлаб ўтказилаётган мана шундай сайёр қабуллар бугун “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Инсон манфаати ҳар нарсадан устун”, “Ислоҳот-ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ҳаётий тамойилларнинг амалдаги тасдиғи бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

Бўлимлар