Қўнғиротда йирик чорвачилик мажмуаси қурилади

Жорий йилнинг 28 декабрь куни Қўнғирот туманида Чорвачилик кооперациясининг тамал тоши қўйилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан республикамизда барча соҳалар қатори чорвачиликни жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг табийий шароитидан келиб чиқиб муайян бир соҳага ихтисослаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, деҳқон-фермерлар, чорвадорлар, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг иш бошлаши ва ривожлантириши, соҳасини кенгайтириши учун қатор имтиёзлар берилаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Республикани янада тараққий эттириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берди. Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мазкур устувор йўналишлардан бирини босқичма-босқич амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш, шу жумладан, чорва маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, шунингдек, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда чорвадорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмаси ташкил этилди. Республикамиз чорвадорлари учун кўплаб имтиёзлар яратилди.

Қурилиши бошланган Чорвачилик кооперацияси – Қорақалпоғистон тажрибаси асосида чорвачилик соҳасидаги энг йирик мажмуадир.

Мазкур мажуанинг умумий майдони 35,2 гектар бўлиб, ҳар бири 100 бошдан жами 1000 бош қорамол боқишга мўлжалланган 10 та молхона (ангар)ни, 2 та бўрдоқчилик молхонаси, 2 та 500 бош қорамолга мўлжалланган силос майдончаси, 3 та сут цехи, 1 та ўқув маркази ва меҳмонхонани ўз ичига олади. 

Замонавий мажмуанинг ишга туширилиши республикамизда чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Бу эса халқимизнинг фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бўлимлар