Жўқорғи Кенгес Раиси Хитойлик инвесторларини қабул қилди

9 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Хитой Халқ Республикаси “Кайтэн” Тяньцзинь инвестицион корпорацияси президенти Би Лямькайни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов хитойлик меҳмонларни республикамизга ташрифи билан самимий қутлаб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида республикамизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништирди.

Тадбирда республикамизнинг Бўзатов ва Тахтакўпир туманларида замонавий қишлоқ хўжалиги илмий-техник паркини ташкил этиш лойиҳаси  кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган мазкур лойиҳада 20 минг бош қорамол етиштириш чорвачилик кластерини ўз ичига олади. Шунингдек, лойиҳа доирасида Нукус «Эркин иқтисодий зонаси»да қорамоллар учун озиқ-овқат етиштириш фабрикасини қуриш ҳамда ветеринария бўйича илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тўғридан-тўғри 90 миллион долларлик инвестиция жалб қилинади.

Шунингдек, шу куни Хитойнинг «Чжунтянь» замонавий қишлоқ хўжалиги илмий-техник паркининг бош илмий ходими Ван Вэньцзе Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг чорвачилик бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Ўз навбатида хитойлик меҳмонлар самимий қабул учун республикамиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ташриф давомида ҳар икки томон республикамизда ишга туширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳа буйича ўзаро фикр алмашиб, қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Шу куннинг ўзида хитойлик инвесторлар пойтахтимиздаги сутни қайта ишлаш корхоналарининг бирига ташриф буюриб, у ердаги ишлар билан яқиндан танишди ва бугиннинг ўзида Нукус шаҳрида ўз фаолиятини бошлашини маълум қилди.

 

Бўлимлар