Жанубий Кореянинг йирик тиббиёт муассасаларидан бири – “Чонг” шифохонасининг раҳбари Қорақалпоғистонга келди

Барчамизга маълум, Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни асосида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг маблағлари ҳисобидан Мўйноқ туманида Корея технологияси асосида кўп тармоқли замонавий тиббиёт клиникасини қуриш ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Бунда лойиҳани 2020-2021 йиллар давомида амалга ошириш, лойиҳа доирасида кадрларни таёрлаш, чет эллик мутахассисларни ишга жалб этиш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳада иштирок этиш ва истиқболда шифохона мутахассисларининг клиника фаолиятида қатнашиши масалаларини муҳокама қилиш истагини билдирган Жанубий Кореянинг йирик тиббиёт муассасаларидан бири – “Чонг” шифохонасининг раҳбари Чонг Ин Хва бошчилигидаги делегация 10 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига келди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида делегацияни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов меҳмонларни республикамизга ташрифи билан самимий қутлаб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида айтиб ўтди ва республикамиз аҳолисининг соғлигини мустаҳкамлашга кўрсатаётган ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида Чонг Ин Хва самимий қабул учун республикамиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди ва келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларга тўхталди.

Шу куннинг ўзида кореялик меҳмон Мўйноқ туманига ташриф буюриб, мазкур лойиҳа учун ажратилган ер майдонини кўздан кечирди ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда поликлиникаси фаолияти билан танишди.

Бўлимлар